Термиз муҳандислик технология институтида бошқа соҳалар каби ирригация ва мелиорация мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Жумладан, Қурилиш факультетининг сув хўжалиги ва мелиорация, гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш, ирригация тизимларида гидротехника объектлари таълим йўналишларида 150 нафардан зиёд ёш таҳсил олмоқда.
Олийгоҳ раҳбарияти ташаббуси билан таълим даргоҳида иш берувчи ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбару бош мутахассисларининг талабалар билан учрашувларини тез-тез ташкил қилиш анъанага айланган. Галдаги шундай тадбирда Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ботир Алимов талабалар ҳузурида бўлди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – талабалар ўқув даргоҳида ўзлаштираётган назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштиришдан иборат. Соҳада кўп йиллик тажрибага эга, меҳнат фаолияти давомида вилоятдаги икки-уч бошқармага раҳбар бўлган, Шўрчи тумани ҳокими вазифасида ишлаган, Сув хўжалиги вазирлигида масъул вазифаларда ишлаган Б.Алимов ёшлар билан дилдан суҳбат жараёнида ўз тажрибаларини гапириб, сувсиз ҳаёт йўқлиги, шу боис Президентимиз ва Ҳукуматимиз соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганлиги ҳамда ирригация ва мелиорация соҳасида чуқур ислоҳотлар олиб борилаётгани, сувчилик касби дунёдаги энг мўътабар ва улуғ касблардан бири эканлиги хусусида фикрларини баён этди. Ва талаба ёшлар учун ҳавза бошқармаси барча бўлимлари эшиги очиқлигини таъкидлаб, истаган пайтда соҳанинг етук мутахассислари ёшларга ўз тажрибалари ва қимматли маслаҳатлари билан амалий кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув сўнггида ҳавза бошқармаси раҳбари талабаларнинг қизиқтирган саволларига аниқ ва лўнда жавоб берди.
Учрашув доирасида Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда Термиз муҳандислик технология институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати