Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари энергетика бошқармаси тасарруфидаги “Ёйилма” насос станциясида ташкил этилган семинарда ажратилган электр энергия лимитига қатъий риоя қилиш, электротежамкор қурилмалар ўрнатиш, насос агрегатлари ва эҳтиёт қисмларини техник соз ҳолда сақлаш, иншоот ҳудуди ва атрофини ободонлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбирда мазкур насос станциясига 2024 йил учун ажратилган электр энергия ҳамда вегетация мавсуми учун чиқариладиган сув лимити аниқ тасдиқлаб қўйилгани ҳақида маълумот берилди. Белгиланган жадвал асосида иш юритган меҳнат жамоаси жорий йил январь-апрель ойлари учун ажратилган 70 минг кВт электр энергиясининг 58 минг кВт. ини тежашга эришилгани эътироф этилди.
Шунингдек, агрегатларни таъмирлаш-тиклаш, иншоот атрофида ободонлаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилгани айтиб ўтилди.
Тадбир якунида тез орада бошланиб кетадиган суғориш мавсумига режалаштирилган ишларни талаб даражасида амалга ошириш борасида таклиф ва тавсиялар берилди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати