Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида 2022 йилги суғориш мавсуми якунлари ҳамда куз-қиш мавсумида суғоришни ташкил этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда соҳа олим ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ахборот берди. Таъкидландики, сув халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминловчи неъмат бўлиб, вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган 33 мингдан зиёд мутахассис-ходимлар аҳиллик билан меҳнат қилиб, обиҳаётнинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида ҳам кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар бошланган, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланган.
Ушбу ҳужжатлар асосида Сув хўжалиги вазирлиги сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш чораларини кўрмоқда.
2022 йилда кузатилган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни белгилаш мақсадида жорий йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг 243-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги, йирик сув тақсимлаш иншоотлари ҳамда ҳудудларда 769 та суғориш штаби ташкил этилди. 1 минг 469 та кўчма дизель ва бошқа турдаги насос агрегатлари қўшимча сув олиш учун коллектор-дренаж тармоқларига ўрнатилиб, фойдаланиш йўлга қўйилди.
Таҳлилларга кўра, 2022 йил суғориш мавсумида, яъни апрель-сентябрь ойларида 29 млрд м3 сув етказиб берилди. Мавсум давомида 6,5 млрд м3 сув тежалишига эришилди.
Етказиб берилган сув билан бу йил ғалладан мўл ҳосил олинди, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йилгидек хирмон кўтарилиши кутилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари сероблиги, бозорларимиз тўкислигига ҳисса қўшилди.
Суғориш мавсуми якунига етганидан сўнг 2023 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида республикадаги мавжуд сув омборларида сув захираларини яратишга киришилди.
Республикамиз ҳудудларида охирги бир ҳафта давомида кузатилган ёғингарчилик сабабли сувга бўлган талабнинг камайишини ҳисобга олиб, сув омборларидан чиқарилаётган қарийб 210 м3/сек сув камайтирилди. Шу билан бирга, 11 та сув омборига ўртача 195 м3/сек қўшимча сув киритилиши таъминланди.
Айни пайтда мамлакатимиздаги сув омборларида жами 7,3 млрд м3 ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,0 млрд м3 кўпроқ сув захираси мавжуд. Охирги 3 йилга нисбатан таққослаганда эса 782 млн м3 кам сув йиғилган.
Бугунги кунда республика бўйича кунлик суғориш ишлари учун 584 м3/сек сув олинмоқда. Унинг 80–85 фоизи ғалла майдонларини суғоришга йўналтирилаяпти.
Шу кунга қадар экилган ғалла майдонларида жами 1 млн 72 минг гектар суғориш ишлари бажарилган бўлиб, шундан биринчи суғориш ишлари 868,4 минг гектарни, иккинчи суғориш ишлари 204 минг гектарни ташкил этади.
Президентимизнинг жорий йил 1 март куни қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида республика бўйича туманларда 161 та Сув хўжалигининг махсус хизмати бўлимлари ташкил этилди. Шу орқали сув хўжалиги ташкилотларига истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиб ишлаш имкони берилгани қуйи бўғиндаги кўп муаммоларни ҳал қилди.
Ўтган давр мобайнида 904 минг гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологиялари, шундан 396 минг гектар майдонда томчилатиб, 26 минг гектарда ёмғирлатиб, 15 минг гектарда дискрет суғориш тизимлари, 70 минг гектарда эгилувчан қувурлар ҳамда 35 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий этилди, шунингдек, 362 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш кўлами суғориладиган майдонларнинг 24 фоизига етказилди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилиб, ҳозирги мавсумда ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш усулини қўллаш бўйича барча туманларда кўргазмали амалий семинарлар ташкил этилмоқда.
Вазирликда шу куни Сув хўжалиги соҳасида касбий малака ва билимларни ривожлантириш тармоқ кенгаши ҳамда сув хўжалиги соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш марказининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Тадбир Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчихонаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” вакиллари, Қишлоқ хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади хоним ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Қайд этилдики, мамлакатимизда инсон капиталини тўлақонли ривожлантириш, олий ва профессионал таълимнинг сифатини ошириш, аҳолининг кенг қатламларини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Сув хўжалиги соҳасида касбий малака ва билимларни ривожлантириш тармоқ кенгаши” ташкил этилди.
Тармоқ кенгашига мўлжалланган хоналар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва ЮНЕСКО томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида замонавий ахборот технологиялари ҳамда мебеллар билан жиҳозланди.
Эндиликда ушбу марказда ҳар йили суғориш мавсуми тугагач сув хўжалиги тизимидаги ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этилади. Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, насос станциялари ва энергетика бошқармали, туманлар ирригация бўлимлари раҳбарлари иштирокида малака ошириш курслари ташкил этилади. Малака ошириш ва ўқув курсларини ташкил этишда Европа Иттифоқи грантлари, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ва бошқа хорижий ҳамкорлар, “Тошкент ирригация ва қишлоқ xўжалигини меxанизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан биргаликда олиб борилади.