2023 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида “Ёшлар бандлиги дастури” ижроси ҳақида
ҲИСОБОТ
Бугунги кунда вазирлик тизимида жами 33 326 нафар ходимлар фаолият олиб бораётган бўлиб, шундан 3 632 нафари (11 фоизи)ни ёшлар ташкил этади. Уларнинг 1 675 нафари (49 фоизи) олий маълумотли, 1 764 нафари (51 фоизи) ўрта-махсус маълумотга эга.
Тизимда фаолият олиб бораётган ёш ходимлар ичидан намунали, ўз устида ишлайдиган ва фидоий ёшлар танлаб олинди ва уларнинг 152 нафари раҳбарлик лавозимларига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022 йил 4 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган 61-сонли йиғилиш баёнининг 11-банди ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлари доирасида тасдиқланган “Ёшлар бандлиги дастури” ижроси юзасидан “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” га мувофиқ эълон қилинган танлов бўйича жами 54 нафар талабанинг ҳужжатлари қабул қилиниб, якунда 16 нафар намунали, фаол ёшлар танлаб олинди.
Шунингдек, суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар стажировкага жалб этилиб, устоз-ментор бириктирилган ҳолда стажировка ўташи йўлга қўйилди ҳамда 6 ойлик стажировка якунлари бўйича бир гуруҳ намунали, фаол ёшлар вазирлик тизим ташкилотларига ишга қабул қилинди.
Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 23 январдаги “Сув хўжалиги бўйича “Заковат” интеллектуал ўйини турнирларини ўтказиш ҳамда ёшларга оид Давлат сиёсати ижроси тўғрисида”ги 10-сонли буйруғига асосан барча қуйи тизим ташкилотларидан 5 мингдан ортиқ ходимлар (асосан ёшлар) қамраб олинган “Заковат” интеллектуал ўйини турнири самарали ташкил этилиб, ғолиб жамоаларга қимматбаҳо совғалар, диплом ва сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармонига асосан ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишдаги имтиёзлар юзасидан вазирлик марказий аппаратида фаолият олиб бораётган 20 дан ортиқ ёш мутахассисларга тушунтиришлар берилиб, кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ёш ходимлар имтиёзли кредит ва субсидия (Давлат бюджетидан бошланғич 32 млн. сўм кредит маблағларининг бошланғич тўлови сифатида тўлаб берилади) асосида хонадонларга эга бўлди.
Қолаверса, сув хўжалиги тизимида фаолият олиб бораётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ҳудудларда футбол бўйича “Раҳбар кубоги” спорт мусобақалари юқори савияда ташкил этилиб, ходимлар ўртасида соғлом ҳаёт тамойилини тарғиб қилиш чоралари кўрилди.
Тизим ташкилотларида фаолият олиб бораётган ходимлар (асосан ёшлар)ни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ёрдамчи хўжаликлардан олаётган даромадини янада кўпайтириш мақсадида вазирлик томонидан белгиланган тақсимотга асосан “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилиши йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 октябрдаги 681-Ф-сонли Фармойишининг 5-иловасига асосан Сув хўжалиги вазирлигига 2023-2024 йилларда 21,5 минг туп кўчат экиш учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Ғижол қишлоғидаги тоғолди ҳудудидан 42 гектар ер майдони ажратилган.
Топшириққа мувофиқ, сув хўжалигининг бир гуруҳ ёшлардан иборат ходимлари ушбу 42 гектар тоғолди ҳудудида 21,7 минг донадан ортиқ кўчат экиб, “Сувчи ёшлар боғи”ни ташкил этган ҳолда ҳудудни ободонлаштириш ишларини амалга оширди.
Вазирлик тизимида ёшларни қўллаб-қувватлаш тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.