Сурхондарё вилоятидаги сув хўжалиги объектларини хусусий шериклар бошқарувига бериш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021–2022 йилларда жами 3 та лойиҳа битими расмийлаштирилиб, уларга асосан 2 та насос станцияси ҳамда 2 та мелиоратив тик қудуқ давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий шериклар бошқарувига ўтказилганди.
Жумладан, Шеробод туманидаги 26 ва 27-сонли қудуқлар «Eco fresh» МЧЖга, Сариосиё тумани ҳудудида жойлашган «Харистон» насос станцияси тумандаги «Chashma» фермер хўжалиги ҳамда Узун тумани ҳудудида жойлашган «Лойлиқ» насос станцияси «Normuratov Baxrom Xolqo‘ziyevish» деҳқон хўжалиги бошқарувига берилганди. Юқорида номлари келтирилган сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўз бошқарувларига олган хусусий шериклар 2021–2022 йилларда режалаштирилган 892,2 миллион ўрнига 905,2 миллион сўм инвестиция киритган ва бу борадаги режани ортиғи билан бажаришган. Ўтган йили эса хусусий шериклар томонидан ушбу объектларга 234 миллион сўм сармоя киритилди.
– Юқорида номлари келтирилган объектлардан ташқари ўтган йили 16 та насос станцияси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари бошқарувига ўтказилди, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Ҳусниддин Йўлдошев. – Насос станцияларини бошқарувга олган хусусий шериклар эндиликда инвестиция киритади. Президентимизнинг ўтган йилнинг 29 ноябрида сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан жорий йилда яна 20 та насос станцияси ва 5 та тик суғориш қудуғини хусусий шериклар бошқарувига бериш чоралари кўрилаяпти.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати