I. Умумий қоидалар
1.1. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган.
1.2. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонунига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларга вазирликнинг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилиши ҳақидаги сўровлар билан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида мурожаат этиш, шунингдек, уларга давлат тилида жавоблар олиш ҳуқуқи таъминланади. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг бошқа тилларда ҳам мурожаат этиш ва жавоб олиш ҳуқуқи таъминланади.
II. Мурожаатларни кўриб чиқиш
2.1. Вазирлик марказий аппаратининг бошқарма ва мустақил бўлимлари ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборот тақдим этилиши ҳақида белгиланган тартибда берилган сўровлар албатта кўриб чиқилиши керак.
2.2. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг вазирликнинг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилиши ҳақидаги сўровларни кўриб чиқиш вазирлик раҳбарияти резолюциясида белгиланган тегишли вазирлик марказий аппаратининг бошқарма ва мустақил бўлимлари раҳбарлари томонидан амалга оширилади.
2.3. Вазирлик марказий аппаратининг бошқарма ва мустақил бўлимлари раҳбарлари тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, шунингдек, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари бўйича тақдим этиладиган таҳлилий материалларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва сифати учун шахсан жавобгардир.
2.4. Ахборотдан фойдаланувчи вазирликнинг фаолияти ҳақидаги сўров билан ҳам бевосита, ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатлари расмийлаштириладиган ўз вакили орқали оғзаки ёки ёзма (шу жумладан, электрон шаклда) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
2.5. Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим.
Оммавий ахборот воситаларининг вазирликнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун сўрови, шунингдек, мансабдор шахслар билан суҳбат (интервью) ташкил этиш тўғрисидаги сўрови етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.