ИШНИНГ ЎЗИНИ ЭМАС, КЎЗИНИ БИЛГАН ИНСОН
Касб танлаш – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг муҳим танловлардан бири. Касб – нафақат даромад топиш манбаи, балки умрнинг асосий қисми сарфланадиган фаолият ҳамдир. Шу маънода инсон умр йўлдош ва касб танлашда адашмаслиги керак, деган гап нақадар ўринли эканига қўшилмай иложимиз йўқ. Боиси, инсон умрининг энг асосий дамлари ишда ва оилада кечади. Шундай экан, инсон севган касбидан ва оиласидан қониқиш ҳосил қилиб яшаса, турмуши чиройли кечади. Мақоламиз қаҳрамони Нуриддин Рихситиллаев ҳаётда ана шундай омади чопган инсонлардан. Нуриддин ака мана 46 йилдирки сувчилик касбини улуғлаб келади. Айтиш керакки, қаҳрамонимиз айни пайтдаги, яъни Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги “Бўзсув” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи лавозимигача бўлган даврда шарафли ва машаққатли йўлни босиб ўтди. 1968–1973 йилларда Тошкент Политехника институти (ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети)да таҳсил олган Нуриддин ака кейинчалик муҳандис геолог, Мелиоратив тизимлар бошқармасининг Зангиота тумани коллектор-дренаж тармоғи муҳандиси, Зангиота тумани суғориш тизимлари бошқармаси сувдан фойдаланиш муҳандиси, сувдан фойдаланиш бўлими бошлиғи, Зангиота тумани қишлоқ ва сўв хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, кейинчалик Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги “Бўзсув” ирригация тизими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, бошқарма бошлиғи каби лавозимларда фаолият юритди. Таъкидлаш жоиз, қаердаки, темир интизом, адолат ва соғлом муҳит бўлса, ўша ерда унум ва барака бўлади. Н.Рихситиллаев қаерда фаолият олиб бормасин фидокорона меҳнат қилиб, истеъмолчиларни сув билан узлуксиз ва ўз вақтида таъминлашни ташкил этиб келди. Шу ўринда, Нуриддин аканинг ирригация тизимлари ва сув хўжалиги иншоотларининг техник ишончлилигини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланишида ишончли ҳисоботни юритиш, юқори ҳосилдорликка эришишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётганини эътироф этмасак бўлмайди. Масалан, унинг раҳбарлигида 2016–2018 йилларда ҳар йили 284 минг 583 гектар ер майдонига сув етказиб берилди ҳамда 1 168 км хўжаликлараро каналларда 999,6 млн. сўмлик тозалаш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Меҳнат омилкорлик билан уйғун бўлсагина натижа беради. Бунинг учун ишнинг ўзини эмас, кўзини билиш керак. Буни яхши англаб етган Нуридддин Рихситиллаев бошчилигидаги жамоа сув ресурслари танқислиги шароитида кам сув сарфлаб барқарор, юқори ҳосил олиш имконияти берадиган, суғоришда тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича ҳам ишларни тизимли равишда ташкил этишмоқда. Жумладан, 2016–2018 йиллар давомида фермер хўжаликларида 35600 га майдонга эгилувчан қувур ёрдамида суғориш технологиялари, 37 000 га майдонга томчилатиб суғориш технологиялари ва 500 га майдонга ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилди. Бунинг натижасида 79200 минг м3 сув тежаб қолинишига эришилди. Қолаверса, унинг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида 2017–2018 йилларда Юқори Тошкент ва Шимолий Тошкент, Жун каналларида олиб борилган таъмирлаш ва реконструкция ишлари натижасида фермер ва деҳқонларга оби ҳаёт ўз вақтида етиб бориши таъминланди. Нуриддин ака устоз сифатида ёшларга ўз касбини ўргатишдан чарчамайди. Ҳозирда унинг 50 дан ортиқ шогирди сув хўжалиги ва бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда. Сўнгги уч йилда сув хўжалиги соҳасидаги олий ва ўрта махсус билим юртларининг 738 нафар талаба ва ўқувчиларига амалиёт ўташлари учун шароит яратиб берди. Шу билан бир қаторда 27 нафар олий таълим муассасалари битирувчилари ва 35 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда жонбозлик кўрсатди. Албатта, иш жараёнида турли муаммолар юзага келиш табиий. Нуриддин ака тажрибали раҳбар сифатида уларга оқиллик билан ечим топади. Талабчан, лекин самимий ва камтар Нуриддин ака ҳамкасбларига ҳамиша ғамхўр. Кези келганда ҳазилмутойибани ҳам ўрнига қўяди. Бўлимда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш ва уларни ўтказишда бевосита иштирок этади. Биз юқорида инсон касб ва умр йўлдош танлашда адашмаслиги керак дедик. Бу бежиз эмас. Нуриддин ака рафиқаси Насиба Абдурахманова билан уч ўғил, бир қизни оқ ювиб-оқ тараб, эл корига ярайдиган фарзандлар қилиб вояга етказган. От изини той босар деганларидек, улардан бири Рамзиддин Нуриддинов айни дамда “Бўзсув” ирригация тизими бошқармаси Зангиота туман бўлими 2-тоифали муҳандис-гидрометри бўлиб ишлаб келмоқда. Эътибор ва эътироф кишини янада ёниб ишлаш ва яшашга ундайди. Жорий йил Нуриддин Рихситиллаевнинг камтарона хизматлари яна бир бор давлатимиз раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланди. Президентимизнинг Фармонига асосан Нуриддин Рихситиллаев “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Инсон умри ҳам оқар сув кабидир. Киши ҳаёти давомида умрнинг гоҳ сокин, гоҳ тўлқинмисол шиддатли оқимларига дуч келади. Бу йўллар шубҳасиз кишини тоблайди. Нуриддин Рихситиллаев ҳам ана шу йўлларда тобланди, чархланди. Сувчи деган касби ортидан иззат-ҳурмат топди. Зангиота туманида Рихситиллаевлар оиласини бугун барча ҳурмат билан тилга олади.
Ш.ХУДОЙБЕРДИЕВ.
“Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журналининг
2020 йил 11-сонидан олинди.