Томчилатиб суғориш технологиясининг қандай афзалликлари бор?
Томчилатиб суғориш тизими жаҳоннинг қишлоқ хўжалиги тараққий этган кўпгина мамлакатларида ҳам жорий этилган бўлиб, кенг жамоатчилик ва илмий жиҳатдан интенсив технология деб тан олинган.
Томчилатиб суғориш технологиясида сув ўсимликнинг илдиз қатламига бир текисда таъминлаб берилади. Бошқа усулларидан фарқи шундаки, даланинг экин жойлашган жойлари бир хилда намланади. Тупроқда ортиқча намлик юзага келмайди.
Бу суғориш режимида ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда сув берилади. Сув тўлиғича экинга етиб боради. Минерал ўғитларни ҳам бевосита сувга қўшиб бериш мумкин. Тупроқ қотиб қолмаганлиги боис техника билан ишлов беришга зарурат туғилмайди.
Мавсум давомида ҳар гектар майдон ҳисобига 50–60 л атрофида ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тежалади. Йил давомида бериладиган ўғитлар учун харажатлар томчилатиб суғорилганда 30 фоизга камаяди, вегетация даврида бериладиган ўғитлар учун харажатлар эса 50 фоизгача камаяди. Экиннинг ўғитни ўзлаштириши 90 фоиздан юқори бўлади.
Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адир майдонларида ҳам экинларни томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.
Ёмғирлатиб суғориш тизими ҳақида маълумот берсангиз.
Ёмғирлатиб суғориш экинларни сунъий ёмғир ҳосил қилиш асосида суғоришга мўлжалланган суғориш усули ҳисобланади.
Ёмғирлатиб суғориш сув етказиб берувчи қувурлар ва ёмғирлатувчи махсус муҳандислик қурилмаси ёрдамида амалга оширилади.
Ёмғирлатиб суғоришда сунъий ҳосил қилинаётган ёмғирнинг жадаллиги суғорилаётган дала тупроғининг сув шимиш салоҳиятидан камроқ ёки унга тенг бўлиши лозим.
Ёмғирнинг жадаллиги бир минут давомида сепилган ёмғир миқдори (мм/мин) билан ўлчанади.
Ёмғирлатиб суғоришнинг самараси сунъий ҳосил қилинаётган ёмғир томчиларининг ўлчамларига тўла боғлиқ.
Ёмғир томчилари қанчалик майда бўлса, суғориш шунчалик сифатли бўлади, яъни майда томчили ёмғирлатиб суғоришда тупроқ яхши намланади, унда кўлмаклар ва сув оқимлари юзага келмайди, тупроқ қотиб қолмайди.
Ўлчами 2 мм. дан катта бўлган ёмғир томчиларида тупроқнинг қаттиқ зичланиши кузатилади. Шунинг учун ёмғирлатиб суғориш жараёнида ҳосил қилинаётган ёмғир томчиларининг катталиги 1–2 мм бўлиши тавсия қилинади.
Ёмғирлатиб суғориш узоқ муддат (тинимсиз) олиб борилганда, тупроқда кўлмаклар ҳосил бўлиши мумкин. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун ёмғирлатгичларнинг импульсли, яъни айланиб сув сепадиган турини қўллаш тавсия қилинади. Ўз ўқи атрофида айланиб сувни узиб-узиб сепадиган ёмғирлатгичлар энг кўп тарқалган ёмғирлатгичлар саналади.
Тупроғи ғовак ва сув ўтказувчанлиги кучли майдонларда чуқур илдиз отиб кетмайдиган (попук илдизли) экинларни, айниқса, сабзавотлар ва далага ёйиб экиладиган экинларни ёмғирлатиб суғориш яхши самара беради.
Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адир майдонларида ҳам экинларни ёмғирлатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.
Кучли шамоллар тез-тез бўлиб турадиган ва тупроғининг сув ўтказувчанлиги паст бўлган ҳудудларда эса ёмғирлатиб суғоришни қўллаш тавсия қилинмайди.
Дискрет (пульсар) суғориш тизими қандай усул?
Пульсар суғориш тизими – республикамиз қишлоқ хўжалик экинларини сув билан таъминлашда замонавий автоматлаштирилган, юқори самарадорликка эга комплекс суғориш тизими ҳисобланади.
Ушбу тизимда суғориш манбасидан фермер хўжаликлари даласига сув етказиб беришда яроқлик муддатини ўтаб бўлган ички суғориш тармоқларида йўқотиладиган сувни тежаш ҳамда сув ер ости ёпиқ қувур тизими орқали етказиб берилиши ҳисобига 30 фоизгача тежалади ва суғориш самарадорлиги ортади.
Бунда далада ер ости ва устки қувурлар, гидрант, автоматик бошқариш тизими, назорат ўлчов асбоблари ўрнатилиб, шунинг билан бирга ўқариқлар ўрнига фойдаланиладиган эгилувчан қувурлар ҳисобидан сув ҳамда сувчилар сонини қисқариши эвазига иш ҳақи тежалади.
Кейинги пайтларда кучли шишувчан нам сақловчи полимер (гидрогель)лар орқали суғориш ҳақида кўп гапириляпти. Шу ҳақда маълумот берсангиз.
Гидрогель – сувда юқори бўкувчан синтетик полимер бўлиб, тупроқ таркибида, кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имкониятини беради. Тупроққа атмосфера ёғинлари ёки суғориш йўли билан ўтган сув ўсимликлар илдизига бемалол ўтадиган ҳолатда сақланади.
Гидрогель маҳсулоти асосан республикамизда мавжуд бўлган маҳаллий хомашёлар асосида синтез қилинган. Шу сабабли хориждан келтирилган шу хилдаги маҳсулотларга нисбатан баҳоси 8 баробар арзон, лекин хусусиятлари жиҳатидан фарқ қилмайди.
Гидрогель ёмғир сувларида ўзининг оғирлигидан 200–300 марта, кўпчилик тупроқларда эса тупроқ таркибидаги турли тузларнинг миқдорига қараб 200–250 мартагача кўп сувни ютиши аниқланган. Амалда 10 г миқдордаги полимер 2 литрдан 4 литргача сувни сақлаб туриши кузатилади.
Гидрогель қумли тупроқлардаги намлик миқдорини оширади, шунингдек, гидрогель гранулалари томонидан сувни ютиш ва уни тупроққа ўтказиш жараёнидаги гидравлик кенгайиши ва қисқариши натижасида гил тупроқларнинг инфильтрацион хоссалари ортади.
Ўз таркибида минерал ўғитлар, микроэлементлар ва ўсимликларни турли касаллик ва бегона ўтлардан ҳимояловчи воситалар сақлайдиган гидрогелларнинг қўлланилиши, деярли барча ўсимликларда майсаларнинг тез униб чиқиши, ривожланиши ва ҳосилдорлик имкониятини оширади. Натижада жуда катта миқдордаги минерал ўғитлар ва сув тежалади, ер ости сувлари зараларнишининг олди олинади. Энг муҳими илгари фойдаланиш мумкин бўлмаган ерларга экин экиб, ҳосил олиш имконияти юзага келади.
Тупроқ остидан суғориш қандай амалга оширилади?
Тупроқ ичидан (остидан) суғориш сувни тупроқ ичида жойлаштириладиган қувур ва шланглар тизими ёрдамида экиннинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган суғориш тизими ҳисобланади.
Тупроқ остидан суғориш сувнинг тупроқ ичида юқорига қараб капилляр кўтарилишига асосланган бўлиб, бунда тупроқнинг шимиб олиш кучи муҳим роль ўйнайди.
Бу усулда суғориш ер остига маълум (0,2–0,4 м) чуқурликда ётқизилган махсус тешикчалари бўлган кичик диаметрли қувурлар (қаттиқ шланглар) ёрдамида амалга оширилади. Махсус ишлаб чиқарилган бу қувурга томизгичга ўхшаш сув чиқаргичлар ўрнатилган бўлади. Улар бири-биридан маълум масофада (одатда, 0,5–1 м) жойлашган бўлади.
Тупроқ ичидан суғориш тизимлари сувни етказиб бериш тамойилига кўра қуйидаги турларга бўлинади:
Сувни тежайдиган суғориш тизимлари таркибий қисмлари ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
Ҳовуз-тиндиргич – оқар сув таркибидаги лойқа-оқизиқларни ушлаб қолиш (сувни тиндириш) ҳамда суғориш учун зарур бўладиган сув захирасини сақлаш учун мўлжалланган иншоот.
Насос станцияси – сувни манбадан экинларни суғориш учун зарур миқдор ва керакли босимда етказиб беришга мўлжалланган, электр энергияси, суюқ ёнилғи ёки бошқа муқобил энергия ёрдамида ишлайдиган қурилма.
Фильтрлаш қурилмаси – суғоришда фойдаланиладиган сувнинг таркибидаги йирик ва майда зарраларни сувни тежайдиган суғориш технологияси талаби даражасида тозалашга мўлжалланган қурилма.
Бош (магистрал) қувур – керакли миқдордаги сувни тизим насос қурилмасидан олиб тарқатувчи қувурларга етказиб бериш учун мўлжалланган ер ости ёки устида ётқизиладиган қувурлар.
Тарқатувчи қувур – сувни бош қувурдан олиб томизгичли суғориш шлангларига етказиб ва тақсимлаб бериш учун ёки қатор орасига сувни тарқатишга хизмат қилувчи ер ости ёки устида ётқизиладиган қувурлар.
Томизгичли суғориш шланглари – экинлар қаторлари ораларига ётқизиладиган ва белгиланган меъёрдаги сувни ўсимлик илдиз тизимига етказиб бериш учун мўлжалланган томизгичли шланглар.
Тизимнинг автоматлаштирилган бошқаруви – сувни тежайдиган суғориш тизимларини ишлатишда инсон омилини камайтириш орқали ўсимликларга сув ва минерал ўғитни энг самарали миқдорларда автоматлаштирилган усулда етказишга мўлжалланган ускуна ва дастурий таъминот мажмуаси.
Сув ҳисоблагич – суғоришда фойдаланиладиган сувнинг автоматик тарзда ҳисобини юритувчи қурилма.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хорижий давлатларда аҳвол қандай? Республикамизда бу кўрсаткич қанча фоизни ташкил этмоқда?
Дунё мамлакатларига назар ташлайдиган бўлсак, Исроилда суғориладиган майдонлар 100 фоиз сувни тежовчи технологияларга ўтказилган. АҚШда бу кўрсаткич 38,2 фоизни, Мисрда 36 фоизни, Қозоғистонда 14 фоизни, Туркияда 12 фоизни, Хитой Халқ Республикасида 11 фоизни ташкил этади.
2020 йил якунига келиб Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг
7 фоизида, яъни 284 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди. Шундан томчилатиб суғориш – 114 минг гектар, ёмғирлатиб суғориш – 3 минг гектар, дискрет суғориш (пульсар) – 4 минг гектар ҳамда эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш 163 минг гектарни ташкил этади.
Ўтган йилнинг ўзида сув тежовчи технологиялар 133 минг гектар майдонда жорий қилинди ва шу пайтгача жорий қилинган майдонлар икки баробарга оширилди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланган Мурожаатномада 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш вазифасини қўйдилар. Бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ушбу вазифа ижросини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида режалар тузилиб, изчил иш олиб борилаяпти.
Янги тартибга асосан субсиядар миқдори қанча бўлади?
2020 йил 11 декабрда Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш
чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4919-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан 2021 йилдан субсидия миқдори сув тежовчи тизимнинг сифатидан келиб чиқиб белгиланади.
Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилганда ҳар гектар майдон учун пахтага 8 млн. сўм, сабзавот экинлари ва картошкага 1,5 млн. сўм, полиз экинларига 1,3 млн. сўм, мевали дарахтларга 6 млн. сўм, узумга 8 млн. сўмдан субсидия ажратилади. Агар сифатли тизим жорий қилинганида 11 млн. сўмгача субсидия берилади. Кенг қамровли суғориш тизими, “Спринклер” ва дискретли суғориш тизимлари учун ҳам субсидиялар белгиланган. Пахта, донли экинлар, сабзавот ва картошка, полиз, озуқабоп, мойли ва доривор экинлар майдонини лазерли текислаш учун 1 млн. сўмдан субсидия берилади.
Шунингдек, насос станцияси, фильтрлаш қурилмаси, магистрал қувурлар, тарқатувчи қувурлар, томизгичли суғориш шланглари, тизимнинг автоматлаштирилган бошқаруви, сув ҳисоблагичлар учун сифати баҳоланиб, тегишли тартибда субсидиялар берилади.
Томчилатиб суғоришга 1 гектар экин майдони учун 25 миллион сўмдан ошмайдиган қисми бўйича лойиҳа сонидан қатъий назар, миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин Марказий банк асосий ставкасининг 45 фоизидан ошмаган миқдоригача, тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг хорижий валютадаги кредитлар учун – 3 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади. Бу кенг қамровли суғориш тизими, дискретли суғориш, “Спринклер” тизими учун пахта, донли экинлар, сабзавот ва картошка, полиз, озуқабоп экинлар, мевали дарахтлар ва узумга нисбатан тегишли тартибда қўлланилади.
Сувни тежайдиган технологиялар жорий этилган майдонларни туман ҳокими қарори билан олиб қўйиш мумкинми?
Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4919-сонли қарорига биноан, сувни тежовчи технологияларни давлат ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бундан кейин сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади.
Электр энергиясини тежаш бўйича соҳада қандай иш олиб борилаяпти?
2020 йилда вазирлик тизимидаги барча насос станцияларида сарфланган электр энергияси 7,178 млрд. кВт. соатни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 231 млн. кВт. соат (104 млрд. сўм) ва охирги ўртача уч йилликка нисбатан 737 млн. кВт. соат (332 млрд.сўм) иқтисод қилинди.
2021 йилда электр энергия истеъмоли 7,1 млрд. кВт. соатга туширилади ҳамда охирги ўртача уч йилликка нисбатан 427 млн. кВт. соат (192 млрд. сўм) иқтисод қилинади. Жорий йилдан бошлаб 299 та насос станциялари Россия Федерациясининг “Внешэкономбанк” Давлат корпорацияси ва 228 та насос станциялари Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳамда Қарши ва Аму-Бухоро магистрал каналидаги насос станциялари модернизация қилиниши натижасида босқичма-босқич электр энергияси истеъмоли камайтириб борилади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳақида маълумот берсангиз.
2020 йилда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 29 та лойиҳа шакллантирилиб, йил якунида 8 та лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 94,6 млрд. сўм бўлиб, хусусий шериклар томонидан дастлабки йилларда 37,4 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритилади.
2021 йилда 30 та сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг шартлари асосида хусусий секторга бериш орқали бу объектларда камида 15 фоиздан ортиқ бюджет маблағлари иқтисод қилиш кўзда тутилган.
Сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш ҳолати қандай?
АКТни ривожлантириш орқали сувни самарали бошқариш
ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, 2020 йилда KOICA, GIZ, БМТ Тараққиёт дастури, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда “Ақлли сув” қурилмалари 98 та (2019 йилга нисбатан 150%) ўрнатилди, 10 та йирик гидротехника иншоотлари автоматлаштирилди, 6 та дастурий таъминот, мобил илова ва геоахборот тизимлари маркази ташкил қилинди.
2021 йилда “Ақлли сув” қурилмалари 3099 та (2020 йилга нисбатан 20 баробар) сув хўжалиги объектида ўрнатилади, 20 та (2020 йилга нисбатан
2 баробар) йирик гидротехника иншоотлари автоматлаштирилади. Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб 327 та насос станцияларига сув истеъмолини ҳамда 2022 та мелиоратив кузатув қудуқларига сув сатҳи ва минераллашувини “онлайн” мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилади.
Хорижий инвестициялар иштирокида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берсангиз.
2020 йилда халқаро молия институтлари иштирокидаги 6 та лойиҳа доирасида 196,5 млн. доллар (2019 йилга нисбатан 150%) миқдоридаги кредит маблағлари ўзлаштирилди. Натижада, лойиҳа ҳудудларида 124 минг га майдоннинг сув таъминоти ва 50 минг га ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
2021 йилда Халқаро молия институтлари иштирокидаги 8 та лойиҳа доирасида 214 млн. доллар миқдоридаги кредит маблағлари ўзлаштирилади
(2020 йилга нисбатан 110 фоиз). Натижада, лойиҳалар ҳудудларида
139 минг га майдоннинг сув таъминоти яхшиланади, каналларнинг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга оширилади, замонавий кузатув
ва бошқарув SCADA тизими ўрнатилади.
Матбуот хизмати