Сурхон-Шеробод даштларини ўзлаштириш ҳисобига очилган қўриқ ерлар замирида ташкил қилинган Қизириқ тумани тузилганига ҳам бу йил эллик йил тўлмоқда. 1974 йили қурилган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ер ости сизот сувлари чиқиб кетишини таъминлашга хизмат қилувчи коллекторлар ва ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари ҳам йиллар давомида лойқа ҳамда чўкиндиларга тўлиши оқибатида секин-аста эскираяпти. Заминни ёшартириш, ер ости сувлари сатҳини пасайтириш, унумдор ернинг шўрланишини камайтириш мақсадида ҳар йили туман ҳудудида янги коллектор-дренаж тармоқлари бунёд этилмоқда. Жумладан, амалдаги йилда ҳам «Қизириқ тумани хўжаликларида коллектор-дренаж тармоқларини қуриш» лойиҳасига кўра, 2,63 километр узунликда янгидан коллектор-дренаж тармоғи бунёд этилади.
Ушбу лойиҳа доирасида тендерда ғолиб бўлган «Фахриддин» МЧЖ қурувчилари 2 миллиард 54,7 миллион сўмлик иш бажаради. Объект учун ажратилган маблағ эвазига бунёдкорлар юқорида келтирилган узунликдаги коллектор-дренаж тармоғини барпо этиш жараёнида 2 дона қувурли ўтиш иншооти ҳамда 6 дона акведук қурадилар. Шунингдек, қирғоқ ҳимояси, 2 дона юза сувларини туширгич юмушларини бажариб, яна ер ости сизот сувлари сатҳи ва минераллашувини автоматик мониторинг қилувчи 50 дона «Дайвер» қурилмаларини ўрнатишади. Лойиҳа тўлиқ якунига етказилгач, тумандаги қарийб 400 гектар суғориладиган майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилади.
Мазкур объектда «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси томонидан семинар ўтказилди. Семинарда жорий йилда вилоятнинг бир неча ҳудудида 14 та ирригация ва 2 та мелиорация объектларида қуриш, реконструкция қилиш жараёнларида иштирок этаётган пудратчи ташкилотларнинг вакиллари, лойиҳачи ташкилотлар раҳбару мутахассислари, «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси техник назоратчилари ҳамда бош мутахассислари қатнашди.
Семинарда ҳар бир объектда ишни лойиҳа ҳужжатларида белгиланган тарзда сифатли қилиб бажарган ҳолда шартномада кўрсатилган муддатда тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш зарурлиги қайд қилинди. Маърузада билдирилган хато-камчиликлар хусусида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошираётган пудратчи корхоналар ва участка раҳбарларининг фикрлари тингланиб, таклифлари муҳокама қилинди. Барча объектларда бажарилаётган юмушларни туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси ҳамда «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси техник назоратчилари ва мутахассислари етарли даражада назорат қилмаётгани таъкидланиб, айрим объектларда иш сифати шу кун талаблари даражасида эмаслиги танқид қилинди.
Семинарда пудратчи корхоналар вакилларига ташкилий ишлар, яъни механизатор ва ишчиларни вагон уйчалар билан таъминлаш, озиқ-овқати ҳамда дам олишларига шароит яратиш, вагон уйчаларда объектга тегишли бўлган иш журналлари ҳамда қурилиш паспорти, лойиҳа-смета ҳужжатлари бўлишига эришиш топшириғи берилди. Пудратчи ташкилотлар раҳбарларига объектларга «Дайвер» қурилмаларини ўрнатишда тажрибали мутахассисларни ишлатиш ҳамда вазирлик серверига интеграция қилишни юзаки эмас, балки сифатли амалга ошириш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, семинарда давлат дастури бўйича қурилаётган объектларни лойиҳалаштирган лойиҳачи ташкилотлар раҳбарлари зиммасига бажарилган ишлар юзасидан ҳар ҳафталик лойиҳанинг муаллифлик текширувини ўтказиш ва муаллифлик журналларида қайд қилиб бориш вазифаси юклатилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати