Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаларини зарурий техникалар, жумладан, экскаватор билан таъминлаш, фаолиятини молиялаштириш, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш вазифалари белгилаб берилган. Буларнинг ҳаммаси сувчи меҳнати қадрланади, мироблик касбини танлаган инсонларга куч қувват-бағишлайди, деганидир.
Ғалаорол тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси тасарруфида 84 ярим километр хўжаликлараро, 143 километр ички каналлар, лоток ариқлар мавжуд. Ташкилотимиз 10 та қишлоқ хўжалик субъекти ва томорқачиларнинг 12 минг гектардан экин майдонларини сув билан таъминлайди. 2023 йилнинг вегетация ва жорий қишки мавсумда сув истеъмолчиларига 54 миллион куб метр сув етказиб беришга муваффақ бўлдик.
Зиммамизга экин майдонларида сув тежовчи технологияларини жорий этиш борасида юкланган вазифа ортиғи билан бажарилди. Жами 1 минг 551 гектар, жумладан, 500 гектар боғ, 400 гектар токзор, 651 гектардаги бошқа экинлар томчилатиш ва ёмғирлатиш усулида суғорилди. Жорий йилда яна камида 1 ярим минг гектар экинзорда сув тежовчи технологиялар ўрнатишни кўзлаб турибмиз.
Aйни кунларда эса, сувнинг ортиқча исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида туманимиз ҳудудидаги канал ва ариқларни бетонлаш ишларига эътибор қаратганмиз. Суғориш мавсумига қадар 97 километр узунликдаги сув йўллари бетон қопламалар билан қопланиши лозим. Шунингдек, керак бўлган жойларга лоток ўрнатиш, полиэтилен қувур, мембрана тўшаш ишлари бажарилмоқда.
Жамоамизда 35 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Улар махсус кийим-кечак, тунги чироқлар таъминланган. Меҳнат илғорлари мунтазам равишда моддий ва маънавий рағбатлантирилади. Қўшимча даромад олишлари учун каналларнинг муҳофаза ҳудудларидан ер ажратиб берганмиз, ўзларига маъқул экинлар экиб, ҳосил олишади. Ёрдамчи хўжалигимиз бор: унда парваришланаётган қўй-эчки, товуқ-ўрдаклардан олинаётган маҳсулотлар туфайли жамоамиз аъзолари дастурхони серфайз ва тўкин бўлмоқда...
Ойбек БЕГИМҚУЛОВ,
Ғаллаорол тумани “Сув етказиб бериш хизмати”
давлат муассаси директори