Коррупция – жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келадиган, барча соҳадаги ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатадиган энг жиддий хавф-хатарлардан бири.
Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, коррупциянинг олдини олиш ва ушбу жиноятга қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди.
Шу ўринда, “Сувхўжаликназорат” инспекцияси марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларида бу соҳада муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу мақсадда инспекциянинг коррупцияга карши курашиш сиёсати, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом каби яна 10 дан ортиқ идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Бу борада коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун барча турдаги алоқа каналларининг («Ишонч телефони», электрон почта манзиллари, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифалар) узлуксиз фаолияти йўлга қўйилди.
– Жорий йилда инспекция томонидан 50 дан ортиқ тарғибот ва профилактика тадбирлари ўтказилди, – дейди “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Коррупцияга қарши ички назорат бўйича маъсул ходим Анварбек Исломбеков. – Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари каби мавзулар бўйича ходимларнинг ҳуқуқий билимлари оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда инспекция томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Бунда, инспекция назорат функциялари соҳасидаги тадбирлар тўғрисидаги тафсилотлар, рақамлар, ҳисобот ва маълумотлар мунтазам равишда интернет тармоғидаги расмий веб-сайт ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилмоқда.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати