Музработ туманида жорий йилда 917 гектар майдонда томчилатиб, 383 гектар ғаллазорда ёмғирлатиб суғориш технологияларини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирча «Suvkredit.uz» платформаси орқали 22 та талабгорнинг 326 гектар майдонида тежамкор технологияларини қўллаш учун 4,5 миллиард сўм молиялаштирилган. Айни пайтда «Eko polimer komfort» ҳамда «Omad start» МЧЖ мутахассислари томонидан 60 гектар майдонда технологияларни қуриш ишлари бажарилмоқда. Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассислари томонидан ўтказилган семинарда сув тежовчи технологияларни даласида ўрнатишга талабгор фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда уларнинг даласида ишлаётган пудратчи ташкилотлар мутахассисларига президентимизнинг жорий йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар, «Suvkredir.uz» электрон тизими орқали кредит ажратиш тартиблари, даласида сув тежамкор технологияларни ўрнатаётган хўжалик юритувчи субъектларга харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар ҳақида батафсил тушунча берилди.
Семинарда пудратчи ташкилот мутахассисларига технологияларни тез ва сифатли ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.
Музработ тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ходимлари билан суҳбат жараёнида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, гидрометрия хизматини намунали ташкил қилиш, истеъмолчилар даласига етказиб берилаётган сув ҳисоб-китоби журналларини тўғри юритиш юзасидан тавсиялар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати