Вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари
1. Вазирликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг ҳисоби, ҳисоботи ва балансини шакллантириш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитнинг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;
сув хўжалиги объектларини модернизациялаш, ривожлантириш ва қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, хавфсизлик даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва экспертиза қилиш ишларига малакали хорижий экспертлар ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш;
ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлигини аниқ кўрсаткичлар ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали унинг устуворлигини белгилаш ва амалга ошириш;
сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини экспертиза қилиш ҳамда амалга ошириш ишларини илмий-техник таъминлаш;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш;
сув хўжалиги соҳасида ресурс тежайдиган технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибани кенг қўллаш;
сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли технологияларни жорий қилиш;
сув ресурсларининг ҳисоби ва электр энергияси истеъмоли бўйича шаффофликни таъминлаш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш;
сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва аутсорсингни жорий қилиш;
сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этишни тизимли ташкил қилиш;
трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш.
2. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий функциялари ҳисобланади:
а) сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг ҳисоби, ҳисоботи ва балансини шакллантириш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш стратегиясини, шунингдек, ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича дастурларни ошкоралик асосида ишлаб чиқади;
глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуришининг аҳоли ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини камайтириш ҳамда Оролбўйи ҳудудида сув хўжалиги вазиятини барқарорлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритади, сув балансини шакллантиради, шунингдек, давлат сув кадастрининг «Сувдан фойдаланиш» бўлими юритилишини ташкил қилади;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари, шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида (коммунал соҳадан ташқари) сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар базасини яратади;
сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа бирлашмаларни тузиш ва уларни ривожлантиришда, шунингдек, улар хизмат кўрсатадиган зонада сув ресурсларини бошқариш ва ҳисобга олишда методик ва амалий ёрдам кўрсатади;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида ўзаро иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
тегишли давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва тугатиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
давлат сиёсатининг сув хўжалиги соҳасидаги асосий йўналишлари, сув хўжалигини ривожлантиришнинг концепцияси, уларни амалга оширишнинг стратегия ва механизмлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
б) республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитнинг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитларни яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш соҳасида:
сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш тамойилларини жорий қилиш ва сувдан комплекс фойдаланиш орқали иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлайди, сув хўжалигини ривожлантиришнинг истиқболли схемаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқариш ва фойдаланишни таъминлаш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатларга мўлжалланган комплекс тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
сув ресурсларининг ҳавза тамойили ва бутун вертикал бўйлаб самарали бошқариш асосида ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлайди;
сув ресурслари прогнозларини комплекс таҳлил қилади ва сув ресурслари балансларини ишлаб чиқади, сув манбалари, ҳавза ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бўйича, ер ости сувлари бўйича эса геология ва минерал ресурслар органлари билан келишган ҳолда сув олиш лимитларини белгилайди;
сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибининг амалда қўлланилишини таъминлайди;
сунъий сув объектлари сувидан махсус фойдаланиш ва сувни махсус истеъмол қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар беради, табиий ер усти сув объектлари сувидан махсус фойдаланиш ва сувни махсус истеъмол қилишга рухсатномалар беришни келишади;
сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича қонунчилик ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ҳамда уларни такомиллаштиради;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя қилиши бўйича жавобгарлигини ошириш чораларини кўради;
оммавий ахборот воситалари, шунингдек, анжуманлар, семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказиш орқали сув ресурсларини асраш ва улардан тежамли фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб боради;
таълим муассасаларининг ёш авлодни сувдан авайлаб-асраб фойдаланиш руҳида тарбиялаш ва сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича тадбирларида иштирок этади;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда сув бўйича оммабоп ресурслар билимлар базасини яратиш ва ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилади;
в) сув хўжалиги объектларини модернизациялаш, ривожлантириш ва қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва экспертиза қилиш ишларига малакали хорижий экспертлар ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш соҳасида:
сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритади, шунингдек, буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлайди, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради;
кўп йиллик тажрибага ва етарли малакага эга бўлган халқаро консультантлар, хорижий мутахассислар билан белгиланган тартибда музокаралар олиб боради;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертиза қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлик мезонларини ишлаб чиқишга халқаро консультантлар, хорижий мутахассислар билан белгиланган тартибда тегишли шартномаларни расмийлаштиради ҳамда халқаро нормаларга асосан жалб қилади;
сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир қиладиган ташкилотлар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқади ва белгиланган тартибда келишади;
г) ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлигини аниқ кўрсаткич ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали унинг устуворлигини белгилаш ва амалга ошириш соҳасида:
давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ошкоралик асосида сув хўжалиги объектларини (ичимлик ва оқова сув тизимидан ташқари) қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш бўйича устувор лойиҳаларни, жумладан, хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, грантлари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини уларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлиги бўйича аниқ кўрсаткичлар ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали аниқлайди;
ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли давлат дастурларини ошкоралик асосида ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда — «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси) сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги кўрсатмаларини кўриб чиқади ҳамда сув хўжалиги объектларининг устуворлигини белгилайди;
устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг инвестиция ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш ва тегишли маблағларни ажратиш бўйича ваколатли органларга таклифлар киритади;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича устувор лойиҳаларнинг техник топшириқларини, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларини «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси билан келишади;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш бўйича устувор лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини, экспертизадан ўтказилишини ҳамда бош пудрат ташкилотлари танлов (тендер) савдолари асосида шаффоф аниқланишини ҳамда тегишли шартномалар расмийлаштирилишини ташкил қилади;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларнинг тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ҳамда қурилиши якунланган ишлар белгиланган тартибда қабул қилинилишини ташкил этади;
д) сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини экспертиза қилиш ҳамда амалга ошириш ишларини илмий-техник таъминлаш соҳасида:
сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари қийматининг ҳисоб-китобига лойиҳа-қидирув ишлари умумий қийматининг 10 фоизигача миқдорда қўшимча маблағлар киритилишини таъминлайди;
сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишларини илмий-техник жиҳатдан кузатишни белгиланган тартибда ташкил қилади;
сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича қурилиш ишларининг тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ва сифатли бажарилишини илмий-техник жиҳатдан таъминлашни ташкил қилади;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг соҳавий экспертизаси ўтказилишини назорат қилади;
е) сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш соҳасида:
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларининг сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш бўйича белгиланган талаблар ва қоидаларга қатъий риоя этилиши юзасидан жавобгарлигини оширади;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларининг техник ҳолати юзасидан лойиҳа ташкилотлари ва манфаатдор ташкилотлар иштирокида тизимли мониторинг юритади ҳамда натижасини таҳлил қилиб боради;
«Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси томонидан берилган кўрсатмалар асосида сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда ижросини ташкил қилади;
сув хўжалиги объектларида авария-захира материаллари ўз вақтида яратилишини ва улардан мақсадли фойдаланишни ташкил қилади;
ж) суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш соҳасида:
коллектор-дренаж тармоқларининг техник ҳолати ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича тизимли мониторинг юритишни ташкил қилади;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тизимли назорат қилади, соҳага рақамли технологияни жорий қилади ва мелиоратив кадастр юритади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ўз вақтида илмий асосланган тавсиялар берилишини ташкил қилади;
коллектор-дренаж тармоқлари ва улардаги иншоотларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини ҳамда ерларнинг мелиоратив барқарорлигини белгиланган тартибда ташкил қилади;
ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш соҳасига илм-фан ютуқларини, геоахборот технологиялари бўйича илғор тажрибаларни, шунингдек, инновацион усулларни жорий қилади;
з) сув хўжалиги соҳасида ресурс тежайдиган технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибани кенг қўллаш соҳасида:
қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича ҳудудий манзилли рўйхатларни шакллантиришда иштирок этади ҳамда тасдиқланган манзилли рўйхатларни умумлаштиради;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ишлари бўйича мониторинг олиб боради ва таҳлил қилади, уларни жорий қилишни кенгайтириш ва давлат томонидан рағбатлантириб бориш бўйича таклифлар тайёрлайди;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш ва янгиларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда лойиҳа-конструкторлик ишларини кенгайтириш, янги ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ишларини ташкил қилади;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар фаолиятини ўрганиб боради ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;
сув хўжалиги қурилишида ресурсларни тежайдиган технологиялар ва илғор хорижий тажрибаларни кенг қўллаш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш чорасини кўради.
и) сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли технологияларни жорий қилиш соҳасида:
йирик сув хўжалиги объектларини бошқаришни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида автоматлаштиради;
сув хўжалиги объектларида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишда рақамли технологияларни жорий қилади ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминлайди;
сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш, маълумотлар базасини шакллантириш ишларини олиб боради ҳамда Вазирлик расмий веб-сайтида ёритиб боради;
ер усти сувларидан фойдаланиш бўйича давлат сув кадастрини юритишни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида такомиллаштиради;
ер ости сувларининг ҳолати ва кўрсаткичларининг рақамли технология асосида мониторингини юритади;
сув хўжалигини рақамлаштиришга халқаро молия институтлари, хорижий давлатлар, халқаро ва чет эл ташкилотлари ҳамда жамғармаларни жалб этади;
й) сув ресурсларининг ҳисоби ва электр энергияси истеъмоли бўйича шаффофликни таъминлаш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш соҳасида:
насос станцияларида сувнинг ҳисоби ва электр энергияси истеъмолининг рақамли технологиялар асосида мониторингни юритади;
сувдан фойдаланиш ва электр энергияси истеъмоли бўйича шаффоф тизимни жорий қилади;
сувдан фойдаланиш ва электр энергияси истеъмоли бўйича маълумотларни тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда ушбу ресурслардан ажратилган лимитлар доирасида фойдаланишни назорат қилади ва улардан самарали фойдаланиш чораларини кўради;
насос станцияларини электр энергиясини тежайдиган ва самарали ишлайдиган замонавий насослар, электр двигателлари ва бошқа ускуналар билан белгиланган тартибда жиҳозлашни таъминлайди, насос станциялари иш режимини тартибга солиш ҳамда электр энергияси истеъмолини камайтириш чораларини кўради;
моддий-техника ва энергетика ресурслари сарфини камайтиришни ташкил қилади, янги техника ва илғор технология ҳамда соҳа бўйича ривожланган мамлакатлар тажрибасини қўллаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар учун ажратилган электр энергияси лимитларига ўзгартириш киритиш юзасидан тегишли вазирликлар ва идораларга таклифлар киритади;
к) сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва аутсорсингни жорий қилиш соҳасида:
алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа ташкилотларга давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериш ҳамда аутсорсингни жорий қилиш дастурларини шакллантиради;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича хусусий шериклар билан музокаралар олиб боради, уларга лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашади ва молиявий хулоса олиш, кўриб чиқиш ҳамда келишиш учун ваколатли давлат органига тақдим қилади;
ижобий хулосалар олинган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича лойиҳа битимини ишлаб чиқади, тасдиқлаш ва белгиланган тартибда реестрга киритиш учун ваколатли давлат органига тақдим қилади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилиши ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши юзасидан мониторинг юритади ва самарадорлигини таҳлил қилади;
л) сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этишни тизимли ташкил қилиш соҳасида:
сув хўжалиги соҳасидаги кадрлар, мутахассислар, шу жумладан, сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини мунтазам равишда ташкил этади;
сув хўжалиги ташкилотларининг таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ўзаро интеграциясини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари талабалари ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ўтказиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратади;
сув хўжалиги соҳасига замонавий ва илғор технологияларни жорий этиш ва кенг қўллаш бўйича малакали кадрларни тайёрлашга кўмаклашади;
Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинмалар) ва идоравий мансуб ташкилотларнинг таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилади, сув хўжалигидаги муаммоларни жойларда аниқлайди, илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик ишларини шартномалар асосида ташкил қилади;
якунланган илмий ишланмалар ва тавсияларни амалиётга жорий қилишни ташкил қилади;
сув хўжалиги соҳасидаги кадрлар ва мутахассисларнинг, шу жумладан, сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича идоравий илмий ва ўқув курсларини республиканинг ихтисослаштирилган сув хўжалиги ташкилотлари, таълим ва илмий муассасалари, профессионал таълим муассасаларида, шунингдек, хорижда белгиланган тартибда ташкил этади;
м) трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш соҳасида:
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси фаолиятида фаол иштирок этади;
трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ўзаро мақбул механизмларини ва сувдан самарали фойдаланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда илгари суришда иштирок этади;
хорижий давлатлардаги сув хўжалиги объектлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг қурилишида белгиланган тартибда иштирок этади;
трансчегаравий сув ресурсларини тартибга солиш ва улардан фойдаланиш, сув хўжалигини ривожлантириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлатлараро масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда республика номидан иштирок этади;
халқаро шартномалар, хорижий мамлакатлар билан сув хўжалиги ва мелиорация соҳасидаги ҳамкорлик дастурлари доирасида Ўзбекистон томонининг мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган халқаро тадбирларнинг республикада ўтказилишини ташкил этади, сув хўжалиги масалалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларда қатнашади;
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг тизим ташкилотлари, Бутунжаҳон сув Кенгаши, Ирригация ва дренаж Халқаро комиссияси, Йирик тўғонлар бўйича Халқаро комиссия, Сув ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича Ислом давлатлараро тармоғи ва бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этади.