Сув – улуғ неъмат.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йил 18 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини жадал ошириш учун шароитлар яратиш масаласи муҳокама қилинди.
Табиийки, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун сув керак. Шу маънода, сувни асраш, ундан самарали фойдаланиш, сув иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалалари саналади.
Бу борада Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан салмоқли ишлар амалга оширилаяпти.
2024 йилнинг I чорагида эришилган натижаларни таҳлил қиладиган бўлсак, ўта муҳим гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини баҳолаш бўйича инспекторлик текширув ишлари ўтказилиб, фойдаланувчи ташкилотларга 604 та камчиликлардан иборат 121 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ва уларнинг бажарилиши назоратга олинди.
5 та ўта муҳим гидротехника иншоотларида (1 та сув омбори, 2 та насос станцияси, 1 та гидроузел, 1 та коллекторида) махсус диагностика ишлари амалга оширилди.
10 та ўта муҳим гидротехника иншоотларининг (3 та сув омбори, 1 та канал, 3 та гидроузел, 1 та ГЭС ва 2 та коллектор) хавфсизлик декларациялари Эксперт кенгашида кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳудудий бошқармалари ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ комиссияси ташкил этилди.
Республика ҳудудидаги жами 58 та сув омборлари, сел сув омборлари ва бошқа йирик гидротехника иншоотларини баҳор-ёз ойларидаги ёғингарчилик мавсумларида сув тошқинини талофатсиз ўтказиб юборишга тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга, Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жойларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 5764 та камчиликлар аниқланди.
Жумладан, 2169 та сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозламасдан сув олиш, 277 та ҳолатда ноқонуний жойлардан сув олиш, 100 та ҳолатда экин майдонларини кўллатиб суғориш, 111 та ҳолатда сувни коллекторларга ташлаб қўйиш, 650 та ҳолатда рухсатсиз, шартномасиз сув олиш, 228 та ҳолатда далага меъёридан ортиқча сув олиш, 2173 та ҳолатда сув ресурслари ҳисобини юритмаслик ёки хатоликлар билан юритиш, 56 та ҳолатда сувни бошқариш ва ўлчаш воситаларини шикастлантириш каби қоидабузарликлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда жавобгарларга нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган 241 та ёзма кўрсатма киритилди. Шунингдек, 878 млн. 468 минг сўм жарима санкциялар қўлланилиб, тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби бузилишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар бериш мақсадида 346 та профилактика тадбирлари ўтказилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 63 млн. м3 сув исрофининг олди олинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги ҳамда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш бўйича семинарлар ташкил этиб борилмоқда.
Рустам Раҳимов,
Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи