Қийин ва ниҳоятда мураккаб келган 2020 йилда барча соҳалар қатори сув хўжалиги тизими ҳам улкан синов ва қийинчиликларни бошдан ўтказди. Олдинги йилларга нисбатан сув ресурслари ўртача 20 фоизга кам бўлишига қарамасдан, сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига истеъмолчиларга суғориш учун вегетация мавсумида барча манбалардан 32,5 млрд.м³, шу жумладан, дарё ва сойлардан 31,2 млрд. м³ сув етказиб берилди. Сув танқислигини юмшатиш мақсадида тик қудуқларга 1000 дона ЭЦВ насослари ҳамда коллектор тармоқларига 1163 дона дизель насослари ўрнатилиб, ер остидан 423 млн. м³ ва зовурлардан 847 млн. м³ сув олинди. Бунинг натижасида сув таъминоти оғир бўлган 325 минг гектар майдонга керакли миқдорда сув етказиб берилди.
Сув тежовчи технологиялар 133,6 минг гектарда ёки аввалги йилларга нисбатан икки баробар кўп майдонда жорий қилинди. Бунинг натижасида вегетация даврида 280 млн. м³ сув тежалиб, 300 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти яхшиланишига эришилди. Пахта хомашёси етиштирувчиларга 133,0 млрд. сўм субсидия ажратилди.
Сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларига Давлат бюджетидан 4 531,4 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратилган бўлиб, шундан, 768,7 млрд. сўми иш ҳақи ва ажратмаларга, 3 762,7 млрд. сўми бошқа харажатларга (электр энергияси харажатлари учун 3 274,1 млрд. сўм) ажратилди.
Ушбу маблағлар ҳисобига, жумладан, 86 та насос ва 145 та электродвигателлар энергия тежамкор бўлган янгисига алмаштирилди. 2 минг 541 та насос агрегати ва 1 минг 204 та суғориш қудуқлари таъмирланди.
Шунингдек, энергия тежамкорликка катта эътибор қаратилиши туфайли жорий йилда сарфланган электр энергияси 7 млрд. 178 млн. кВт. соатни ташкил этди. Бу билан 2019 йилга нисбатан 231 млн. кВт. соат (104 млрд. сўмлик), охирги ўртача уч йилликка нисбатан 737 млн. кВт. соат (332 млрд. сўмлик) электр энергияси тежалди.
Эксплуатация харажатлари ҳисобидан 6 минг 324 км магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқларида таъмирлаш ва тозалаш ишлари бажарилди, улардаги 6 минг 249 та гидротехник иншоот ва 5 минг 918 та гидропост таъмирланди. Натижада каналларда сув йўқотилиши 1,5 млрд. м3 га камайди.
Капитал қўйилмалар ҳисобидан 1 минг 164,2 км канал ва суғориш тармоғи, 878,7 км коллектор-дренаж тармоғи, 88 та гидротехника иншооти, 59 та насос станцияси, 392 дона суғориш ва 79 та вертикал дренаж қудуқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари қурилди ва реконструкция қилинди. Шунингдек, 13 минг 942 км коллектор-дренаж тармоқлари тизимли равишда таъмирланди ва тикланди.
294,5 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди, кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 29,8 минг гектарга камайди, сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 85,7 минг гектарга қисқарди, 206,9 минг гектар майдонда ерларнинг мелиоратив барқарорлиги таъминланди. 100 минг гектардан зиёд ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди.
Давлат-хусусий шериклик тамойили бўйича 32 та лойиҳа устида иш олиб борилди. Шундан 8 таси 2020 йилда давлат реестридан ўтказилди. Бунинг натижасида 12 млрд. сўм бюджет маблағлари тежалади. Шунингдек, мазкур лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан 30 млрд. сўм инвестиция киритиш бўйича битим имзоланди.
“Ақлли сув” қурилмалари сони 159 тага етказилди. 10 та гидроузелнинг бошқарув жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди. “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Cув хўжалиги соҳасидаги барча ахборот тизимларини ўзида қамраб олган 5 та модулдан иборат “Вазиятлар маркази” ахборот тизими яратилиб, синов тариқасида ишга туширилди.
Бунинг натижасида, сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш, вилоят ва туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш имкониятига эришилди. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувнинг техник йўқолишларининг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти яратилди.
Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Саудия тараққиёт жамғармаси каби йирик халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда 6 та инвестиция лойиҳаси доирасида 196,5 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 2020 йил якунига келиб жами 191,3 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти ҳамда 100 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 200 км дан ортиқ каналлар ва улардаги гидротехник иншоотлар қайта тикланди, 105 дона тик қудуқлар қурилди, 11 та насос агрегати ўрнатилди, умумий қуввати 100 м³/с бўлган 1 та насос станцияси ишга туширилди. 257 та насос агрегатлари фаолияти тўхтатилиши натижасида ҳар йили 25,9 млрд. сўм эксплуатация маблағларини иқтисод қилиш, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициентини 15 фоизга ошириш, йилига 700-800 млн. м³ сувни тежаш имконияти юзага келди. Ушбу лойиҳалар доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафардан ортиқ битирувчи тизимга ишга олинди. Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Манзилли режа”га асосан 2000 нафардан зиёд ёшларга иш ўрни яратилди.
Вазирлик тасарруфига олинган 11 та коллежга янги ўқув йилида 1250 нафар, жумладан, 8 та коллежда “Сув тежовчи технологияларга хизмат кўрсатиш техниги” йўналишига 310 нафар ўқувчи қабул қилинди. Ушбу коллежларда мелиоратив машина механизмларидан фойдаланиш бўйича 3 кунлик қисқа курслар ташкил этилиб, эксплуатация ташкилотларининг 220 нафар ходимлари ўқитилди.
2020 йилда 25 та мавзу бўйича илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларига 2 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Республика давлат илмий-техник дастурлари доирасида 5 та фундаментал, 13 та амалий лойиҳа амалга оширилди.
Жорий йилда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг 7 нафар тадқиқотчиси, шундан 2 нафари Хитой Халқ Республикасида докторлик (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди.
2020 йилда жисмоний ва юридик шахслардан вазирликка келиб тушган 2 минг 198 та мурожаат ўрганилди. Шундан 780 таси (35,4%) қаноатлантирилган, 1 минг 383 тасига (62,9%) ҳуқуқий тушунтириш берилган, 35 таси (1,5%) бўйича ҳозирги кунда ўрганиш олиб борилаяпти. Шу билан бирга, Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда сайёр қабуллар ўтказилди.
Соҳада қилинаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида 8 та матбуот анжумани ва 4 та пресс-тур ўтказилди. Вазирлик веб-сайтига 700 га яқин, ижтимоий тармоқларга 1000 дан ортиқ материаллар жойлаштирилди. Телевидиниеда 100 га яқин кўрсатув ва лавҳалар намойиш этилди, матбуотда 150 дан ортиқ мақола чоп этилди.
Ҳурматли Президентимизнинг соҳага бўлган эътибори ва бевосита қўллаб-қувватлашлари натижасида жорий йилда сув хўжалигига доир 1 та Фармон ва 3 та қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори қабул қилинди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилиниши, шубҳасиз, кейинги ўн йилликда сув хўжалиги истиқболини белгилаб берувчи тарихий ҳужжат бўлди. Концепциянинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш якунланаяпти.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқимизга йўллаган Мурожаатида 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш, сувни тежаш ҳисобидан 90 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш вазифасини қўйдилар. Ушбу вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансга ҳисса қўшишда олдинги сафларда бўлиш учун биз барча мироблар бор куч-ғайратимиз билан интиламиз.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири