Бугун замон ўзгараяпти.
Ўзбекистон янгиланаяпти.
Доим ҳамма ишда фаол ва ташаббускор бўлиб келган сув хўжалиги ходимлари бутун масъулиятни юрагидан ҳис этган ҳолда янада ғайрат билан ишлайдиган, ўзгаришлар қиладиган, ўзгаришни, аввало, ўзидан бошлайдиган фурсат келди.
Навбатдаги ўзгаришлар эпкини бугун вазирликнинг янгича форматда, олдинги йилларда шаклланган қолиплар ва стериотипларни бузган ҳолда фақат соҳа ривожи учунгина эмас, миллат, Ватан тараққиёти йўлида илгари сурилган ташаббуслар фонида ўтказилган ҳайъат йиғилишида сезилди.
Ражаб ойи мусулмон дунёсида баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Савобталаб ва эзгу ишлар учун интилиб яшайдиган сув хўжалиги ходимлари Ражаб ойи кириб келиши муносабати билан “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” эълон қилиш ташаббуси билан чиқдилар. Наврўз миллий байрамигача насос станциялари, канал ва коллектор бўйларидан тортиб, барча сув иншоотлари атрофлари тозаланади, ободонлаштирилади. Оддий ходимдан барча бўғиндаги раҳбарларгача кабинетда ўтирмай, жойларга чиқиб, ободонлаштириш ва иншоотларни суғориш мавсумига тайёрлаш ишларига ҳисса қўшади.
Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини нишонлаймиз. Улуғ санага ҳозирданоқ тайёргарликка киришган сувчилар ҳар бир ходим 30 тупдан кўчат экиш ташаббусини ҳам илгари сурдилар. Тизимдаги корхона, ташкилотлар жамоада меҳнат қилаётган ходимлар учун 30 тупдан кам бўлмаган миқдорда кўчат экишга киришади. Бунда мевали дарахт кўчатлари 70 фоиздан оз бўлмаслигига эътибор қаратилади.
Кунлар илиб, баҳор насимлари эса бошлади. Ҳар бир кун, ҳар бир соат ғанимат. Шу кунларда сув иншоотларининг муҳофаза ҳудудларида нўхат, мош, ошқовоқ каби экинлар экилса, халқимиз дастурхонига туҳфа бўлади. Сувчилар меҳнатига яраша даромад олади. Айниқса, ҳар бир корхона ва ташкилот ходим бошига 30 донадан ошқовоқ уруғини қадаса, ёмғир сувлари билан кўкариб, апрель-майга бориб гуллайди. Ҳосил ҳам эрта етилади.
Ортиқча расмиятчиликлардан холи, ишчан руҳда ўтган ҳайъат йиғилиши кун тартибини четлаб ўтган ҳолда ана шундай ташаббусларни муҳокама қилиш билан бошланди. Бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмаслик, сув иншоотларининг муҳофаза ҳудудларидаги ерлардан унумли фойдаланиш бўйича амалий таклифлар барчага маъқул келди.
Кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинган йиғилишнинг кейинги қисми танқидий руҳда ўтди. Вақт зиқ, фурсат ғаниматлиги ҳисобга олинган ҳолда ўтган йилда эришилган ютуқлар эмас, йўл қўйилган камчиликлар, нуқсонлар тилга олинди. Таъкидландики, 2020 йил давомида 429 та ҳолатда сувдан фойдаланишда бир қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, Дўстлик туманида 14 та, Мингбулоқ, Сирдарё туманларида 13 тадан, Улуғнор, Арнасой, Мирзачўл, Оқолтин туманларида 12 тадан, Хўжайли, Поп, Сардоба, Бешариқ туманларида 10 тадан, Шуманай, Ғиждувон, Қизилтепа, Сайхунобод, Қўштепа туманларида 9 тадан, Бувайда, Қўшкўпир туманларида 8 тадан, Шофиркон, Навбаҳор, Шовот туманларида 7 тадан ҳолатда сувдан самарасиз фойдаланишга йўл қўйилган.
Арнасой туманидаги “Сер томир”, Пахтакор туманидаги “Уфқ даласи”, Мингбулоқ туманидаги “Дарёбўйи пахтаси”, “Алибобо”, Боёвут туманидаги “Боёвут лидер”, Мирзаобод туманидаги “Ибрагимов Эгамберди”, Оқолтин туманидаги “Келажак тараққиёти”, Ўзбекистон туманидаги “Мўминжон ота”, Ёзёвон туманидаги “Дурлар Макони гулистон”, Олтиариқ туманидаги “Дада Фармон Раҳмонов” каби фермер хўжаликлари томонидан шўр ювиш учун ажратилган сув коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйилган.
Шунингдек, жами 1088 та ҳолатда, шундан Жиззахда 220 та, Сурхондарёда 86 та, Қашқадарёда 72 та, Тошкент вилоятида 51 та, Сирдарёда 45 та, Хоразмда 40 та, Самарқандда 33 та ҳолатда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида сув истеъмоли бўйича шартномалар тузилмаган.
Сув истеъмолчилари томонидан кўрсатилган хизматлар учун маблағлар ундириш Жиззах вилоятида 21,2 фоизни, Наманган вилоятида 30,4 фоизни, Сирдарё вилоятида 15,9 фоизни, Хоразм вилоятида 20,6 фоизни, Қашқадарё вилоятида 32,5 фоизни ва Самарқанд вилоятида 24,8 фоизни ташкил этган.
Қорақалпоғистонда 462 дона (40%), Жиззахда 85 дона (11%), Қашқадарёда 836 дона (27%), Самарқандда 514 дона (27%) гидропостларда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмаган.
Қорақалпоғистонда 29 дона, Сирдарёда 15 дона, Қашқадарёда 30 дона, Самарқандда 11 дона, Фарғонада 42 дона, Хоразмда 14 дона ва Фарғона водийси магистрал каналларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан 10 дона сув ўлчаш воситалари тарировкадан ўтказилмаган.
Самарқандда 14 дона, Сурхондарёда 20 дона, Сирдарёда 18 дона, Тошкентда 14 дона ва Фарғонада 17 дона режалаштирилган сув ўлчаш воситалари харид қилинмаган. Шунингдек, Наманганда 573 дона, Самарқандда 466 дона, Фарғонада 629 дона, Қашқадарёда 218 дона ва Сурхондарёда 267 дона режадаги сув ўлчаш рейкаларини сотиб олинмаган.
2018-2019 йиллар давомида жами 392 нафар гидрометр ходимлар малака ошириш курсларига жалб қилиниб, гидропостларни аттестациядан ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар билан таъминланган. Лекин, малака ошириш курсларида қатнашган 92 нафар (23%) гидрометр ходимлар ишдан бўшаб кетган.
2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 38 минг 744 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, амалда эса 43 минг 40 гектар майдонларда қурилиш ишлари бажарилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида бор-йўғи 268 гектар (27 фоиз), Сурхондарёда 3 минг 816 гектар (79 фоиз), Андижонда 2 минг 551 гектар (86 фоиз), Сирдарёда 2 минг 337 гектар (88 фоиз), Қашқадарёда 3 минг 242 гектар (88 фоиз) майдонларда қурилиш ишлари бошланган.
Наманганда (режа 160 гектар), Сирдарёда (режа 180 гектар) ва Хоразм вилоятида (режа 340 гектар) майдонларда ёмғирлатиб суғориш технологияси бир гектарда ҳам жорий қилинмаган.
Айрим ҳудудларда дискрет (пульсар) суғориш бўйича ишлар умуман ташкил қилинмаган. Жумладан, Қорақалпоғистонда (режа 100 гектар), Бухорода (режа 400 гектар), Самарқандда (режа 100 гектар), Сирдарёда (режа 110 гектар), Тошкент вилоятида (режа 100 гектар) ва Хоразм вилоятида (режа 100 гектар) тизимни жорий қилиш ишлари бошланмаган.
Аму-Сурхон, Аму-Қашқадарё, Сирдарё-Зарафшон, Норин-Сирдарё, Аму-Бухоро, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарларининг масъулиятсизлиги ва ташаббус етишмаслиги натижасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакллантириш ва уларни амалга ошириш борасида ишлар умуман олиб борилмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида “Ақлли сув” қурилмалари мутлақо ўрнатилмаган, Жиззах вилоятида эса бор-йўғи 2 та (режага нисбатан 22 %) ўрнатилган.
Йирик сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида биттадан гидротехник иншоотларни автоматлаштириш режалаштирилган бўлсада, мазкур тадбирларни амалга ошириш мутлақо ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва автоматлаштириш ишлари бажарилмаган.
Ер ости сизот сувлари сатҳи ва минераллашганлик даражаларини доимий таҳлил қилиб бориш учун кузатув қудуқларини “DIVER” қурилмалари билан жиҳозлаш бўйича 35 та (Қорақалпоғистон Республикасида 10 та, Бухоро вилоятида 25 та) ана шундай қурилмалар ўрнатилган. Қолган вилоятларнинг бирортасида бу борада ишлар амалга оширилмаган.
Сурхондарё вилоятида Ислом тараққиёт банки иштирокида “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида 2020 йил прогноз кўрсаткичларининг бажарилишига қарамасдан (101 фоиз) бир қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, каналларда қурилиш ишларини амалга ошириш учун 2021 йилда 128 кун сув ёпилиши белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган 2020 йилга нисбатан 50 кунга, 2019 йилга нисбатан эса 67 кунга кам белгиланган. Лойиҳа ҳудудидаги каналларга сувни тўхтатиб қўйишнинг йилдан йилга камайтирилиши буюртмачи ва пудратчи ўртасида имзоланган шартномага ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўлмоқда.
2020-2021 йиллар кузги-қишки мавсумда ирригация тармоқларини тозалаш ишлари жами режага нисбатан Қонликўл туманида 37 фоизга, Қўнғирот туманида 40 фоизга, Шофиркон туманида 40 фоизга, Арнасой туманида 22 фоизга, Бахмал туманида 28 фоизга, Касби туманида 44 фоизга, Пастдарғом туманида 49 фоизга, Хазорасп туманида 39 фоизга, Шовот туманида 41 фоизга, Боғот туманида 38 фоизга бажарилган.
Гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишлари Шофиркон туманида 46 фоизга, Зафаробод туманида 44 фоизга, Миришкор туманида 32 фоизга, Тупроққалъа туманида 25 фоизга бажарилган, холос.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мелиоратив экспедициялар балансида сизот сувларининг жойлашиш сатҳини кузатиб борувчи 27 мингдан ортиқ кузатув қудуқлари бўлмб, улардан 1 минг 190 таси носоз ҳолатда.
Жумладан, Жиззах вилоятида 426 дона, Сирдарё вилоятида 277 дона, Қорақалпоғистон Республикасида 206 дона, Бухоро вилоятида 204 дона, Сурхондарё вилоятида 202 дона ва Тошкент вилоятида 167 та кузатув қудуқлари ишламайди.
Жиззахда 2 та, Наманганда 37 та, Самарқандда 20 та, Фарғонада 175 та суғориш қудуқлари эгилувчан қувурларсиз ишлатиб келинмоқда.
ZOOM платформаси орқали видеоконференция шаклида ўтказилган, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари жалб этилган йиғилишда соҳанинг ҳар бир йўналишидаги камчиликлар чуқур таҳлил қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ижро мониторингини юритиш ва ижро интизомига риоя этилишини таъминлашга жуда жиддий эътибор қаратилди. Ижро интизомини бузиш ва масъулиятсизликка йўл қўйиш сувчилар шаънига муносиб эмаслиги қайта-қайта таъкидланди.
Ҳайъат 2021 йилда амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни ҳам белгилаб олди.
Шуҳрат Суюнов,
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби