Республикамизда 4,3 млн гектар суғориладиган экин майдонлари мавжуд бўлиб, шундан 291,2 минг гектарида (7 фоиз) сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Жумладан, 120,5 минг гектар томчилатиб, 3,5 минг гектар ёмғирлатиб ва 4,2 минг гектар майдон дискрет усулида суғорилади. 163 минг гектар майдонларда эса эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий қилинган.
Ўтган 2020 йилда 133,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Йил якунига бориб, Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан 2021 йилда сувни тежовчи технологияларни беш баробарга ошириш ва 430 минг гектарга етказиш вазифаси қўйилган. Бунда 230 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда 200 минг гектар экин майдонларини лазер ускуналар ёрдамида текислаш кўзда тутилган.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан жорий йилда:
160 минг гектар пахта, 30 минг гектар боғ, 15 минг гектар узумзор ва 5 минг гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш;
14 минг гектар донли, 2 минг гектар сабзавот ва полиз ҳамда 2 минг гектар озуқабоп экин майдонларида ёмғирлатиб суғориш;
623 гектар пахта майдонларида дискретли суғориш технологияларини жорий этиш;
200 минг гектар, шу жумладан 35 минг гектар шоли майдонларини лазерли текислаш чора-тадбирлари белгилаб олинган.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун жами 1 500 млрд. сўм, шундан республика Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 330 млрд. сўм ва халқаро молия институтларидан жалб қилинган қарз маблағлари ҳисобидан 1 170 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сонли қарори билан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича давлат бюджетидан субсидия маблағларини ажратиш ва қайтариш тартиби белгилаб берилди.
Бугунги кунга қадар, республикамизда жами 9 830 та фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари билан қурувчи пудрат корхоналари ўртасида 363,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, шундан 84,7 минг гектар майдон бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари қошида сув хўжалиги тизим ташкилотларида ишлаётган 6 мингдан зиёд ишчи-ходимлардан иборат 300 та қурилиш ва сервис хизматларини амалга оширувчи гуруҳлар ташкил қилинди.
Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги коллежларда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича мутахассислар (консультант) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини жорий этиш бўйича ўқитиш методикаси ишлаб чиқилмоқда.
Сув тежовчи технологияларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи “Eco Drip Lux” корхонасининг мажлислар залида ўтказилган матбуот анжуманида республика оммавий ахборот воситалари вакилларига шу ҳақда маълумот берилди. Унда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиев, “Eco Drip Lux” корхонаси директори А.Аҳмедов ва бошқа мутахассислар иштирок этиб, журналистлардан тушган саволларга жавоб қайтардилар.
Тадбир Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати томонидан уюштирилди.
Матбуот хизмати