ЖАМОАТЧИЛИККА ҲИСОБОТ
Давлат дастурининг Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ижроси тўғрисида
2022 йил 1 ноябрь ҳолатига
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, сув хўжалиги тизимини жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. куб метр сувни тежаш, янги ерларни ўзлаштириш, сув тежовчи ва рақамли технологияларни жорий қилиш, 129 минг гектар майдонни фойдаланишга киритиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқаришни янада кенгайтириш шулар жумласидан.
Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида вазирлик томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
136-банд бўйича:
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ва муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 315-сонли қарори билан 2022 йилдан бошлаб сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилган талабгорларга субсидия маблағларини ажратиш тартиби белгиланди.
Шу асосда “Агросубсидия” ягона ахборот тизимига онлайн аризалар топширилаётган бўлиб, ҳозирда туман ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан кўриб чиқилган 6 та ариза белгиланган тартибда қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ахборот алмашинувининг шаффоф механизмини йўлга қўйиш мақсадида “Томчи-реестр” пудрат корхоналарининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилиб, ишга туширилди (https://nwrmp.uz/tomchi/korxona).
Дастлабки пудрат ташкилотларининг реестри шакллантирилиб, баллик тизим бўйича ташкилотларни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.
137-банд бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-273-сонли қарорининг 1-иловаси билан жорий йилда 133,6 минг гектар ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш ва ўзлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
1 ноябрь ҳолатига кўра, 53 955 гектар, шундан 34 102 гектар суғориладиган ва 19 853 гектар лалми ва яйлов ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди.
145-банд бўйича:
2022 йилда кузатилган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни белгилаш мақсадида жорий йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг 243-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги, йирик сув тақсимлаш иншоотлари ҳамда ҳудудларда 769 та суғориш штаби ташкил этилди. 1 минг 469 та кўчма дизель ва бошқа турдаги насос агрегатлари қўшимча сув олиш учун коллектор-дренаж тармоқларига ўрнатилиб, фойдаланиш йўлга қўйилди.
Таҳлилларга кўра, 2022 йил суғориш мавсумида, яъни апрель-сентябрь ойларида 29 млрд. м3 сув етказиб берилди. Мавсум давомида 6,5 млрд. м3 сув тежалишига эришилди.
Етказиб берилган сув билан бу йил ғалладан мўл ҳосил олинди, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йилгидек хирмон кўтарилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, сувни тежаш чоралари кўрилаётган бўлиб, йил охиригача яна 500 млн. м3 сувни тежаш ва иқтисод қилинган сув миқдорини 7 млрд. м3 га етказиш чоралари кўрилмоқда.
Бугунги кунда 379,9 минг гектар, жумладан, 88,4 минг гектарда томчилатиб, 12,6 минг гектарда ёмғирлатиб ва 4,7 минг гектар майдонда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди.
Бундан ташқари, 70,4 минг гектар майдонда кўчма эгилувчан қувурлар орқали ва 36,1 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш ишлари олиб борилди ҳамда 167,7 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланиб, сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилди.
1 ноябрь ҳолатига кўра, ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жами 974,1 млрд. сўм ёки ажратилган йиллик лимитга нисбатан 81% капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилган ҳамда ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 10 ойликда 70 та объект, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича эса 37 та объект фойдаланишга топширилган.
Хусусан, ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 223 та лойиҳа доирасида 870,0 млрд. сўм капитал маблағлардан 671,4 млрд. сўм ёки йиллик лимитнинг 77 фоизи ўзлаштирилиб, 275,5 км канал, 107,8 км лоток тармоқлари, 8,3 м3/с сув чиқариш қувватига эга бўлган насос станциялар, 15,3 км босимли қувурлар, 25 та гидротехника иншооти, 46 та суғориш қудуқлари қурилган ва реконструкция қилинган ҳамда 11,3 км қирғоқ ҳимоя ишлари бажарилган.
Мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 100 та лойиҳа доирасида 338,1 млрд. сўм капитал маблағлардан 302,7 млрд. сўм ёки йиллик лимитнинг 90 фоизи ўзлаштирилиб, 472,9 км очиқ, 184,5 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 5 та мелиоратив насос станция, 15 та кўприк, 91 та тик дренаж қудуқ ҳамда 341 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.
Бу тадбирлар натижасида 165 минг гектар майдоннинг сув таъминоти, 98 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилган.
Бугунги кун ҳолатига 2 407 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмалари ҳамда 2 057 та мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ва минераллашганлик даражасини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди ҳамда 11 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёни автоматлаштирилди.
146-банд бўйича:
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан давлат дастурининг ушбу топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва 2022 йил 5 мартда тасдиқланган.
Тасдиқланган амалий чора-тадбирлар доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилган:
Бугунги кунда амалда 100,57 млн. доллар маблағ ўзлаштирилди. Натижада, 248 км узунликдаги каналлар ва улардаги 589 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 35 та вертикал суғориш қудуқ бурғиланди,
4 000 га суғориш майдонлари лазер ёрдамида текисланди ва чуқур юмшатилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида 157 та насос ва 315 та электродвигатель қурилмалари харид қилиниши ва ўрнатилиши таъминланган.
Юқоридаги тадбирлар натижасида ҳисобот даврида 158,4 млн.кВт.соат электр энергия тежалишига эришилди.
147-банд бўйича:
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йилда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Ҳозирги кунда, тармоқ жадвалида белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йил 1 ноябрь ҳолатига умумий қиймати 73 млрд. 888 млн. сўм бўлган 52 та лойиҳа бўйича хусусий шериклар билан битимлар имзоланиб, реестрга киритилди. Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Мирзачўл туманларида жойлашган сув хўжалиги объектларини хусусий шерик бошқарувига бериш юзасидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, лойиҳа концепцияси тасдиқланди ҳамда тегишли хулоса олиш учун Молия вазирлигига тақдим қилинган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жойлашган сув хўжалиги объектларини хусусий шерик бошқарувига бериш бўйича лойиҳа ҳужжатлари келишиш учун Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига тақдим қилинган.
179-банд бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 22 февралдаги ПҚ-141-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 26 мартдаги 136-сон, “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқаруви такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2022 йил 25 июлдаги 404-сон қарорлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқарувга бериш учун маҳаллий инвесторни танлаш мезонлари ишлаб чиқилди ҳамда танлов ўтказиш комиссияси таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланди.
Танловни ўтказиш жараёнлари давом этаяпти.