Инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари ва тадбиркорлик субъектлари диққатига!
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
“Aйдар-Aрнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқарувга бериш учун танлов эълон қилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 февралдаги “Aйдар-Aрнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-141-сон қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 мартдаги “Aйдар-Aрнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 136-сон қарорига асосан “Aйдар-Aрнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамиятини белгиланган тартибда инвестиция киритиш шарти билан танлов асосида ноёб турдаги балиқларни етиштириш, сув ҳавзаларини балиқлантириш, балиқни қайта ишлаш технологияси ва тажрибасига эга маҳаллий инвесторга ишончли бошқарувга бериш бўйича 2022 йил 26 октябрда танлов ўтказилади.
Танловда устав капиталида давлат улуши бўлмаган тадбиркорлик субъектлари қатнашиш ҳуқуқига эга.
“Aйдар-Aрнасой кўллар тизими” МЧЖни белгиланган тартибда инвестиция киритиш шарти билан танлов асосида ноёб турдаги балиқларни етиштириш, сув ҳавзаларини балиқлантириш, балиқни қайта ишлаш технологияси ва тажрибасига эга маҳаллий инвесторга (кейинги ўринларда - Инвестор) ишончли бошқарувга берсин, бунда Инвесторга 2022-2026 йиллар давомида қуйидагиларни амалга ошириш талаби юклатилади:
1) (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2022 йилдаги 136-сон қарорига асосан 5 йил давомида) камида 30 млн.AҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш;
2) инкубация цехлари ва репродуктор ҳавза имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда балиқ личинкалари ишлаб чиқариш қувватларини йилига 100 млн донага, балиқ чавоқлари етиштириш қувватларини 15-20 млн донага етказиш ҳамда мазкур балиқ чавоқлари билан кўллар тизимини балиқлантириш;
3) кўллар тизимидан йиллик балиқ овлаш ҳажмларини 15 минг тоннагача етказиш ҳамда океаник қафас (садок) мосламаларини ўрнатиш орқали қўшимча 5 минг тонна балиқ етиштириш;
4) кўллар тизимининг “Тузкон” кўли ҳудудида “Балиқ ишлаб чиқариш” комплекси ташкил этиш ва ушбу комплексда йилига 3 минг тонна балиқни қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш;
5) кўллар тизими ва унинг атроф-муҳит имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда инвестицияларни кенг жалб қилиш, маркетингни йўлга қўйиш ҳамда қайта ишлашни ривожлантириш асосида 1 000 та иш ўрнини яратиш;
6) ҳудуддаги туризм салоҳиятини ошириб, унинг имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳаваскор ва спорт балиқ ови туризмини кенгайтириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш;
7) кўллар тизимининг биологик хилма-хиллигини сақлаш, балиқ захираларини илмий ёндашган ҳолда кўпайтириш;
8) хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, кўллар тизимида шўр сувда балиқ захираларини кўпайтириш бўйича лаборатория марказини ташкил этиш;
9) кўллар тизими ҳудудидаги коллектор-дренаж тармоқларини тўлиқ тозалаш;
10) Инвестор томонидан Ишончли бошқарув шартномасидан келиб чиқувчи барча мажбуриятлар бажарилган тақдирда шартноманинг амал қилиш муддати 49 йилгача белгиланади.
Танловда қатнашиш учун аризачи Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
бошқарув компанияси тўғрисида умумий маълумот (паспорт) (1-илова);
бошқарув компаниясидан талаб қилинадиган ҳисобот меморандуми (2-илова);
хўжалик жамиятининг давлат улушини ишончли бошқариш бўйича ўтказиладиган танловда қатнашиш учун аризаси;
ишончли бошқариш бўйича бизнес-режа (ношаффоф (ичи кўринмайдиган) конвертга жойлаштирилган ва аризачининг муҳри босилган ҳолда);
давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси, корхона Низоми ва унга киритилган ўзгартиришлар нусхалари (бир маротаба тақдим қилинади);
танлов қатнашчиси томонидан тақдим этилган охирги ҳисобот даври ва охирги йил бўйича, танлов қатнашчиси томонидан тасдиқланган бухгалтерия балансидан нусха (бошқарувчи компания микрофирма ҳисобланган тақдирда, охирги йилги баланс тақдим қилинади);
солиқ идорасининг маълумотномаси;
охирги йил учун аудит хулосасининг нусхаси;
аризачининг мазкур соҳадаги иш тажрибаси тўғрисида маълумот.
Aриза берувчининг бизнес-режаси қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олиши лозим:
корхонанинг кучли ва заиф томонларини ёритган ҳолда, корхонанинг жорий ҳолати таҳлили;
бозор (тармоқ) бўйича маркетинг изланишлари;
соф фойданинг асосланган прогноз кўрсаткичлари (беш йилга).
Қуйидагилар бўйича ишончли бошқарув фаолияти дастури:
- иштирокчи сифатида давлат манфаатларини ифодалаш;
- корхонанинг ривожланиш стратегиясини белгилаш;
- корхона мулки сақланишини (бутлигини) ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
- ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, корхона молия-хўжалик фаолиятини яхшилаш, Давлат бюджети олдида мажбурий тўловлар ва иш ҳақи бўйича қарздорлик юзага келишининг олдини олиш;
- корхонада корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш ва уни такомиллаштириш;
- корхона соф фойдасидан дивидендлар тўлаш ёки ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтириш орқали ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
- давлат манфаатларини назарда тутувчи бошқа мажбуриятлар ва режалар.
Барча танлов ҳужжатлари муҳрланган конвертда Сув хўжалиги вазирлигига 2022 йил 23 октябрь куни соат 16:00 гача юборилиши шарт.
Манзил: Тошкент: 100187, Мирзо Улуғбек тумани Қорасув-4 даҳаси 11 уй, электрон почта манзили: devonxona@minwater.uz
Маълумот учун телефонлар: 71-202-47-64, 97-484-40-12
Танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган маълумот
“Aйдар-Aрнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқарувга бериш учун маҳаллий инвесторни танлаш мезонлари