Халқимиз фаровонлигини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи энг муҳим неъматлардан бири бу – сув ресурсларидир. Қадимдан аждодларимиз оби ҳаётнинг бир томчисини ҳам исроф қилмасдан, унумли фойдаланиб, ҳамжиҳатликда ва фаровон ҳаёт кечирганлар. Дарё ва сойларнинг ўзанларини бошқариб, ариқлар қазиб, сув чиқарганлар, манзилларни обод этганлар.
Президентимиз жорий йил 18 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва озиқ-овқат экспортини жадал ошириш учун шароитлар яратиш бўйича ўта муҳим топшириқларни бердилар.
Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари топшириқлар ижросини таъминлашга астойдил ҳаракат қилиб, деҳқону-боғбон, миришкору-соҳибкорларга кўмакчи бўлмоқда.
Вазирлик ҳузуридаги Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази сувдан унумли фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва тежаш йўлида соҳани рақамлаштириш ишларига ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунга келиб, республикамиз ҳудудларида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи 11 349 та “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилди. Мазкур қурилмалардан келаётган маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “smartwater.uz” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Натижада сув назорати ва ҳисоб-китобини онлайн юритиш ва сувни тезкор бошқариш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги 10 фоизга яхшиланишига эришилди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ер ости сувлари сатҳини онлайн кузатувчи “Дайвер” қурилмаларидан жами 6 657 таси ўрнатилди. Мазкур қурилмалардан келаётган маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Мелиорация” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Натижада сизот сувлари сатҳи ва минерализацияси онлайн мониторинг юритиш орқали ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш аниқлиги ҳамда мелиорация тадбирларини ўтказиш самарадорлигини 20 фоизга ошириш имкониятлари яратилди.
Мамлакатимизда суғориладиган майдонларнинг 60 фоизи насос станциялари ва суғориш қудуқлари орқали сув билан таъминланади. Шу боис электр энергиясини тежаш вазирлигимиз олдидаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб насос станцияларида сув сарфини “онлайн” назорат қилиш учун 1 722 та қурилма ўрнатилди. Мазкур қурилмалардан келаётган маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Насос станциялари” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Шунингдек, ўрнатилаётган назорат-ўлчов қурилмаларидан келаётган маълумотларни қабул қилувчи маълумотлар базаси ва қурилмаларни тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш учун API манзиллар билан таъминловчи дастурий таъминот ҳам ишлаб чиқилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда вазирлик ҳисобидаги насос станцияларида ўрнатилган ва сарфланаётган электр энергия кўрсаткичларини назорат қилиш имконини берувчи қурилмалар маълумотларини вазирликнинг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги уч йилда 65 та йирик сув хўжалиги объектларини бошқариш автоматлаштирилди.
Сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини берувчи “Сув ҳисоби” ахборот тизими яратилди.
Ҳозирда мазкур ахборот тизими Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида тест режимида синовдан ўтказилмоқда. Тест-синов ишларининг мувофаққиятли якуни билан мазкур ахборот тизими республикамизнинг бошқа ҳудудларида жорий қилинади.
Бундан ташқари, сув хўжалиги объектлари ва улардаги гидротехник иншоотларнинг техник кўрсатгичлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Сув хўжалиги объектлари” ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Сув хўжалигини рақамлаштириш бўйича улкан вазифалар, марралар қўйилган. Уларга эришиш йўлидаги эзгу сайъ-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Илҳом Жўраев,
Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази директори