Жиззах вилояти Ўзбекистон Республикаси Президентнинг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, қарорнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Зарбдор туманида ташкил этилди.
Қишлоқ ва сув хўжаликлари тизимларига алоқадор турли соҳа ва тармоқлар вакиллари вакиллари иштирок этган тадбирда туманнинг янгидан ташкил топган «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, ўтган йилларда ўз тажрибасида сув тежовчи технологияларни синаб кўриб, муайян ютуқларга эришган фермерлар, соҳа мутахассислари, таъминотчи корхоналар вакиллари сўз олиб, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усулларининг фойдаси, афзаллиги ҳамда қулайлиги ҳақида фикр мулоҳазалар билдиришди.
Тадбирда шунингдек, 2024 йилги вегетация мавсумини муваффақиятли бошлаш, баҳорий юмушларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати