БМТ Бош ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги резолюциясига асосан 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган ва ушбу сана 2019 йилдан буён мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда.
Ушбу сана республикамизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга ҳамоҳангдир.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан Сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси ҳамкорликда жорий йилнинг июнь ойида “Томорқа майдонларидаги экинларни суғоришда сувдан самарали фойдаланиш” мавзусида танлов эълон қилган эди. Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилган танловда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 100 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этдилар.
Улар томорқада сувни тежаш, суғоришнинг тежамкор ва инновацион усулларидан фойдаланиш бўйича ўз таклифларини, амалга оширган ишларини фото ёки видео шаклда танлов ҳайъатига жўнатдилар.
Ҳакамлар барча ишларни адолатли кўриб чиқиб, турли номинациялар бўйича 30 нафардан зиёд ғолиб ва совриндорларни аниқлади.
- Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиб, кўп жойларда бўлганман. Ўзбек қишлоқ аёлларининг турмуши, меҳнат шароитларини кузатганман, - дейди Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги вакили Гёбель-Бёш Рахель хоним. - Уларнинг мамлакат қишлоқ ва сув хўжалигида соҳасидаги меҳнатлари таҳсинга сазовор. Айниқса, қишлоқ жойларда аёлларнинг уй хўжалигида сувни тежайдиган усуллардан фойдаланишаётгани менда катта таассурот қолдирди. Умид қиламанки, айнан сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш бўйича ислоҳотларда бундан кейин ҳам хотин-қизлар фаол иштирок этадилар.
Фурсатдан фойдаланиб, Халқаро қишлоқ аёллари куни билан барчани табриклайман.
Тадбирда танлов ғолибларига совғалар топширилди.
Матбуот хизмати