Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ҳайъатининг 2021 йил I чоракда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, Ҳайъат раиси Ш.Хамраев бошқарди. Унда ҳайъат аъзолари, вазирлик марказий аппарати масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда Насос станциялари ва энергетика бошқармалари раҳбарлари ҳамда тизимдаги барча ташкилот ва муассасалар мутасаддилари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидландики, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежайдиган замонавий суғориш технологияларини янада жадал ташкил этиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмлари ва аутсорсинг шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир мутахассис-ходимнинг асосий вазифасидир.
Ҳисобот даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан 2021 йил учун жами 353,1 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни, жумладан, 318,4 минг гектар майдонда томчилатиб, 30,5 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 4,2 минг гектар майдонда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш бўйича қурувчи пудрат корхоналари билан шартномалар расмийлаштирилган. Мазкур шартномаларга асосан бугунги кунда 185,4 минг гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаяпти.
Биринчи чоракда давлат-хусусий шериклик бўйича 2 та лойиҳа битими имзоланган. 13 та лойиҳа бўйича жараёнлар якунига етказилмоқда. 300 та сув хўжалиги объектларига “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилган. 2 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилмоқда.
Республикадаги ҳар бир ҳудуддан биттадан насос станцияси танлаб олиниб уларга синов тариқасида чиқарилаётган сув ҳажмини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи жами 27 та қурилма ўрнатилиб, мониторинг юритиш тизими синов тариқасида жорий қилинган.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш” ахборот тизими ишлаб чиқилган.
104 та мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи рақамли қурилмаларни ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Австралиянинг “Rubicon” компанияси томонидан Қашқадарё вилоятидаги ички хўжалик каналининг 4 та сув олиш нуқтасида сув ресурсларини бошқаришни автоматлаштириш тизими жорий этилган.
Бугунги кунда вазирлик тизимида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби йирик халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий кредит қиймати 1,18 млрд. АҚШ доллари бўлган 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида январь-март ойларида 16,46 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 16,62 млн. АҚШ доллари (режага нисбатан 101,0%) миқдоридаги маблағ ўзлаштирилган.
Ҳайъат йиғилишида ҳудудларда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар чуқур таҳлиллар асосида ва танқидий руҳда муҳокама этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқларининг йўл қўйилган хато ва камчиликлар, эришилмаган натижалар ва қолоқликларни бартараф этиш, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш ҳамда суғориш мавсумида чекланган сув миқдоридан келиб чиқиб, сув истеъмолчиларига белгиланган лимит доирасида сув етказиб бериш, сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, йирик гидротехник иншоотлар ва насос станцияларини мавсум давомида узлуксиз ва беталафот ишлашини таъминлаш борасидаги аниқ таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Ҳайъат йиғилишида суғориш мавсумини муваффақиятли ўтказиш мақсадида сувни назоратсиз қолдирмаслик, хўжаликлараро канал ва коллекторлар, ички ариқларни тозалаш, суғориш муддатларини мақбуллаштириш, сув олиш лимитларига риоя қилинишини таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва топшириқларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан барча даражадаги раҳбар-ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Ҳайъат йиғилишида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Матбуот хизмати