Жорий йилнинг 18 июнь куни Сув хўжалиги вазирлигида тизимдаги республика ва ҳудудий ташкилот ҳамда муассасаларнинг идоравий иш юритиш, ҳужжатлар, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, кадрлар ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича масъул ходимлари, ҳуқуқшунослари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Таъкидландики, Президент қарорига мувофиқ 2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади. Ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ташкил қилинган ягона ва узлуксиз “технологик занжир”га кўра, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ҳаракати, яъни, уларнинг ижросини ташкил этиш 7 босқичда амалга оширилади.
Бугунги кунда вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлари “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига тўлиқ уланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси фақат ушбу тизим орқали тизимли равишда назорат қилиб борилмоқда.
Ўқув-семинар иштирокчиларига Президент қарорининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида атрофлича тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.
Матбуот хизмати