Шу кунларда Сингапурда SIWW 2021 - Singapore Water Week – Халқаро сув ресурслари ҳафталиги ўтказилмоқда. У дунёда сув ресурслари соҳасида энг йирик ва кенг кўламли тадбирлардан бири ҳисобланади.
25 июнь куни ҳафталик доирасида “Минтақавий тайёргарлик учрашуви” бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси вице-президенти Ш. Хамраев, Сингапур барқарорлик ва атроф-муҳит вазири Грейс Фу, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири С.Мухриддин ва Орол денгизини қутқариш Халқаро фондининг ижроия қўмитаси раиси С.Раҳимзода иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Тадбирда сув ресурслари ва сув хўжалиги учун масъул давлат ташкилотлари раҳбарлари БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” 6-банди юзасидан ўз тақдимотларини ўтказди. Учрашувни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам “Барқарор ривожланиш мақсадлари”нинг 6-бандини амалга ошириш юзасидан тажриба алмашиш ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларидан жалб этилган экспертларнинг маърузалари ва чиқишлари билан танишиб, фикр ва мулоҳазаларни муҳокама қилиш эди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев “Ўзбекистон Республикасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари”нинг 6-банди ижроси ҳамда сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар” мавзусида чиқиш қилди. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда сув хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, хусусан, Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси ҳамда “Барқарор ривожланиш мақсадлари”нинг 6-бандида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳоли фаровонлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишда муҳим асос бўлишини таъкидлади.
Онлайн учрашув мазмунли ва муҳокамаларга бой тарзда ўтди.
Матбуот хизмати