Жорий йилнинг 25 июнь куни пойтахтимизда рақамлаштириш бўйича рейтингда юқори натижаларга эришган, электрон ҳукумат йўналишида лойиҳаларни самарали амалга оширган бир гуруҳ вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ташкилотда рақамлаштириш бўйича олиб борилган фаолият натижадорлигидан келиб чиқиб, рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан баҳолаш жараёни амалга оширилди. Баҳолашда жами 107 та ташкилот иштирок этиб, шундан 59 тасини давлат ва 48 тасини хўжалик бошқаруви органларини ташкил этди. Баҳолаш натижасига кўра, давлат органлари орасида 16 та (27,1%) ташкилот “яхши”, 9 та (15,3%) ташкилот “қониқарли”, 34 та ташкилот (57,6%) “қониқарсиз” баҳо олган. Хўжалик органлари орасидан “яхши” баҳони 5 та (10,4%) ташкилот, “қониқарли” баҳони 12 та (25%) ва “қониқарсиз” баҳони 31 та (64,6%) ташкилот олган.
Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги “Энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида энг яхши АТ-лойиҳа” номинацияси ғолиби деб эълон қилинди ҳамда статуетка ва совғалар билан тақдирланди.
Матбуот хизмати