Жорий йилнинг 3 август куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Агросаноат мажмуида амалга оширилган биринчи ярим йиллик фаолият ва соҳада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Жорий йил 6 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектларини хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6200-сонли Фармони қабул қилинди. Дастлаб ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, сув хўжалиги соҳасида 2021 йил биринчи ярим йиллик фаолият якунлари ҳақида маълумот берилди. Бу масалада Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Зокир Ишпўлатовнинг тақдимоти тингланди.
Матбуот анжуманида журналистлардан сув хўжалиги соҳасида асосан 3 та йўналиш бўйича саволлар келиб тушди.
Дастлаб, давлат-хусусий шериклик бўйича қилинган ишлар ва улардан кутилаётган натижалар ҳақида мурожаат бўлди.
ОАВ ходимининг бу бўйича саволига жавобан таъкидландики, жорий йилда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича 100 та лойиҳа рўйхати шакллантирилиб, бунда 180 дан ортиқ сув хўжалиги объектларини хусусий шерик бошқарувига берилиши режалаштирилган.
Лойиҳалар бўйича 29 та кластер, 38 та фермер хўжаликлари ва 23 та бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан хусусий ташаббус кўрсатилган. Ташаббускорлар билан музокаралар ўтказилиб, лойиҳа босқичларини белгиланган муддатларда бажариш юзасидан ўзаро келишиб олинган.
Ушбу лойиҳаларнинг дастлабки умумий қиймати 2 трлн. 362 млрд. 410,0 млн. сўмни ташкил қилади ва хусусий шериклар томонидан дастлабки йилларда 348 млрд. 872,6 млн. сўм инвестиция киритилади ҳамда 302 млрд. 030,0 млн. сўм бюджет маблағлари тежалишига эришилади.
Ҳозирги кунда 7 та лойиҳа бўйича битимлар имзоланиб, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига реестрга киритилди. 61 та лойиҳа бўйича тегишли хулоса олиш учун Молия вазирлигига тақдим қилинган, 51 та лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда ва қолган 5 та лойиҳа бўйича эса музокаралар давом этмоқда.
Навбатдаги савол Ўзбекистон шароитида сув тежовчи технологияларнинг қайси турлари жорий этилаётгани ва уларни маҳаллий ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолатга қаратилди.
Жорий йил бошидан буён 172 минг 555 гектар майдонда, жумладан, 141 минг 373 гектар пахта хомашёси етиштириладиган майдонда – томчилатиб суғориш, 8 минг 782 гектар ғалла ва бошқа экин майдонларида – ёмғирлатиб суғориш, 3 минг 670 гектар пахта ва бошқа экин майдонларида – дискрет усулда суғориш технологиялари, 50 минг 170 гектар майдонда – кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш, 4 минг 710 гектар майдонда – эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари ишга туширилди.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмлари асосан чет давлатлардан келтирилаётган эди. Шу боис, импортни қисқартириш, ички талабни қондириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар сонини ошириш ҳам эътибор марказида турибди. 2021 йил 1 июль ҳолатига сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 38 тага етди.
Куни кеча Урганч шаҳрида ёмғирлатиб суғориш технологиясининг жиҳозларини ишлаб чиқарадиган янги завод ишга туширилди. Бу ерда юқори сифатли, диаметри 110 мм дан 500 мм гача қовурғали (гофра) полиэтилен қувур ва диаметри 50 мм дан 315 мм гача бўлган полиэтилен қувурлар тайёрланади. Бир ойда 25 минг гектар майдонга етадиган ёмғирлатиб суғориш технологияси бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш қуввати мавжуд.
Йил якунига қадар яна ўнтадан кўпроқ янги корхоналарни ишга тушириш режалаштирилган. Яъни, 2021 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган 230 минг гектар майдоннинг 50 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулот билан таъминлаш имконияти яратилиб, маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етказилади. Натижада маҳсулотни бошқа давлатдан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига таннархни 15-20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5 млн. сўмга арзонлаштириш имкони туғилади.
Матбуот анжуманида сув хўжалиги соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳам сўз борди.
Биринчи ярим йилликда 750 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмалари, 95 та насос станциясига сув ва электр энергияси истеъмолини онлайн назорат қилиш қурилмаси, 322 та мелиоратив кузатув қудуғига ернинг шўрланиши, минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди ҳамда 7 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди.
Бунинг натижасида, сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш, вилоят ва туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш имкониятига эришилди. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувнинг техник йўқолишларининг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти яратилди.
Матбуот анжумани UzReport TV телеканали орқали жонли эфирга узатилди.
Матбуот хизмати