Илмли одамлар кўп, лекин маърифатли, зиёли инсонлар кўп эмас.
Мен Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраевни сув илмининг чуқур билимдони, Марказий Осиёда сув муаммолари бўйича етук дипломат, тажрибали раҳбар ва давлат арбоби, халқимизнинг маърифатли ва зиёли фарзандларидан бири деб биламан.
2005 йилдан буён республикамиз сув хўжалиги соҳасини бошқариб келаётган бу инсонни танимаган, билмаган, эшитмаган одам юртимизда бўлмаса керак. Ва шуни аниқ айта оламанки, мамлакатимизда Шавкат Хамраевнинг раҳбар сифатида қадами етмаган биронта туман йўқ. Сув қаергача етиб борган бўлса, қай манзилда сувчилар меҳнат қилаётган бўлса, ўша жойнинг шароити, аҳолисининг турмуш тарзи, экин майдонларининг ва ирригация-мелиорация иншоотларининг ҳолатини ипидан игнасигача биладилар. Мамлакатимизга кириб келаётган, ички дарё ва сойлар, ер ости қудуқларидан олинаётган, қўшни республикаларга етказиб берилаётган сувнинг ҳар кунлик ҳисоботини шунчаки қоғозда эмас, қувваи ҳофизасида сақлаб юрадиган, куб метр эмас, керак бўлса ҳар бир литр сув қаерга сарфланаётганини туманлар кесимида кўзини юмиб айтиб бера оладиган, фақат сув хўжалигининг ташвиши билан яшайдиган мутахассис, десам муболаға қилмаган бўламан.
Вазир сифатида ўта “инжиқ”, ҳаддан ташқари талабчан. Баъзан бир ҳафта вақт кетказиб ҳафсала билан тайёрлаган материалимиз зўрға “3” баҳога раво кўрилади. Агарда бу топшириқ шошилинч бўлмаса қайтадан ишлашга тўғри келади. Ҳеч бир сатрни ёки биз шунчаки оддий бир расмда деб қўядиган биронта суратни ҳам эътиборсиз ўтказмайдилар.
Баъзан кайфиятлари яхши пайтда эркалик қилиб, Шавкат Рахимович, Сизнинг берган “3” баҳоингизни биз “5” деб қабул қиламиз, барибир ундан ошириб баҳоламайсиз, деймиз. Аммо, тан олиш керак, Вазирдан икки-уч марта қайтган, такрор-такрор кўриб чиқилган ва пишитиб, сайқал берилган ҳужжат ёки материалнинг якуний ҳолатига кейин ўзимиз ҳавас қиламиз. Наҳотки шуни биз тайёрладик, олдинроқ шундай қилсак бўлмасмиди, бинойидек қўлимиздан келаркан-ку, деган ўй ўтади хаёлимиздан.
Бунга, бир муддат инсон ресурсларини бошқариш соҳасига бош суқиб кўрган тадқиқотчи сифатида замонавий менежер ходимларига қўллайдиган тактик усуллардан бири, дея таъриф берган бўлардим. Негаки, ходимга иқтисодий ресурс сифатида қарайдиган раҳбар уни муттасил ўз устида ишлашга, янги қирраларини кашф этишга ундайди, инсонни ўзи ўйлаганидан ҳам кўпроқ имкониятларга қодир эканлигига ишонтира олади. Бундай менежернинг қўл остидаги кадрларнинг вақт ўтган сари иқтисодий ресурс сифатидаги қиймати ҳам ўсиб бораверади. Ва албатта, жамоадаги қадри ва нуфузи ҳам ошади.
Самарқандга хизмат сафаримиз чоғида кечки пайт вилоят сув хўжалиги дарғалари билан дастурхон устида дилдан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Гапдан-гап чиқиб, Шавкат Рахимович, “Иш ҳаддан ташқари кўп пайтларда баъзан топшириқларни кўнгилдагидек бажара олмаган ходимларимни қаттиқ койийман, бир-икки соат ўтиб, ҳовуримдан тушиб, унинг дилини оғритиб қўйдим деб ўзимдан пушаймон бўламан. Фурсат топиб, ўша ходимни чақириб ёки телефонда яхши муомала қилиб, янги топшириқлар бераман. Шу билан унинг кўнглигини кўтараман, ишга бўлган иштиёқини ошираман”, деган фикрни айтдилар. Мана шунинг ўзи ҳам у кишининг қалби тоза, самимий инсон эканлигидан далолат аслида.
Мен бу гапларни мажбурият юзасидан ёки хушомад учун ёзмаяпман. Кўнглимдан кечаётганларини қоғозга тушираяпман, холос. Эҳтимол, бир кун келиб вазирлик матбуот котиблигидан кетган тақдиримда ҳам, бу инсон ҳақидаги ушбу фикрларим ўзгармасдан қолиши шубҳасиз.
Эрталабдан қўлга қоғоз олиб, дилимдагиларни туширишимдан муддао бугун Шавкат Рахимовичнинг туғилган кунлари. Туғилган кунда эса юракнинг қўридаги сўзлар юзага чиқади, энг эзгу тилаклар айтилади.
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, Шавкат Рахимович!
Оилавий бахт, омад, сиҳат-саломатлик Сизга доим ёр бўлсин!
Шуҳрат Суюнов