Умрни оқар дарёга менгзайдилар. Мен, таъбир жоиз бўлса, Исмоил Ҳакимович Жўрабековнинг умр йўлини оқар сувга ўхшатгим келади. Сув ўз оқими бўйлаб борар экан, ҳар бир манзилга яшиллик, ободлик бағишлайди. Қақраб ётган ерлар ҳам сув бир югуриб ўтганидан сўнг кўркамликка бурканади, сўлиб, ҳолсизланиб қолган ҳайвонот ва наботот олами айнан сувдан куч олади, сув билан қаддини кўтаради.
Исмоил Ҳакимович босиб ўтган ибратли умр йўлининг қайси манзилига боқманг, унда яратувчанлик, бунёдкорлик, эзгуликни кўрасиз. Ёшлигидан ғайрат-шижоати, тиришқоқлиги, ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турган бу инсон 1955 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини битиргандан сўнг қайси жамоада ва қайси лавозимда ишламасин, доимо муаммоларни ҳал қилмагунича тиниб-тинчимаслиги, вазиятга реал баҳо бериши, ташаббускор ва ташкилотчилиги, ўта талабчанлиги, етук раҳбарлик салоҳияти билан одамлар меҳрини қозонди.
Қанчадан-қанча қишлоқларга обиҳаёт олиб борди, ерларни яшнатди, ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантирмасдан туриб, қишлоқ хўжалигида муваффақият қозониб бўлмаслигини амалда исботлади, қачон, қаерда бўлмасин ҳамиша деҳқону миришкорларни қўллаб-қувватлади ва уларга беғараз кўмакчи бўлди. Бу инсонга биз – барча мироблар ҳавас қиламиз, шундай устозимиз борлиги билан ҳамиша фахрланамиз.
Устозимизга турли даврларда республикамизни бошқарган раҳбарлар билан бирга ишлаш бахти насиб этди. Усмон Юсупов босиб ўтган йўллардан юрди, Шароф Рашидовнинг назарига тушди, мустақилликнинг илк йилларида кечган оғир даврларда Ислом Каримов билан елмака-елка ишлади, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайланганидан сўнг янада “яшариб”, фидойилик билан қизғин меҳнат жараёнига киришиб кетди.
Айнан устозимизнинг саъй-ҳаракатлари ва Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови билан Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди. Вазир маслаҳатчиси сифатида Исмоил Ҳакимовичнинг ташаббуси билан қисқа вақт ичида сув хўжалиги ходимлари малакасини оширишнинг бутунлай янги тизими яратилди. Шахсан ўзлари вилоятлардаги йирик сув объектларини кўздан кечириб, камчиликларни бартараф этиш, ишларни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бунинг натижасида сув хўжалиги соҳасида янгича илмий ёндашувларни қўллашни кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Ана шундай инсонга вазир маслаҳатчиси бўлиб ишлаш ва сув хўжалиги ривожига ўзининг бой тажрибаси билан кўмаклашиш имконини яратиб бергани, доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзаёевдан ҳаммамиз миннатдормиз.
Мен бежизга Исмоил Ҳакимовичнинг умр йўлини оқар сувга қиёсламадим. У кишининг меҳнат фаолияти худди оқар сувдек жўшқин кечди. Баъзи манзиллардан шиддат билан ўтди, улардан ёрқин из, эзгу амаллар қолди. Ҳаётнинг тинч, сокин босиб ўтилган манзиллари ҳам бўлди. Сувнинг йўлини ҳеч нарса, ҳеч ким тўса олмаганидек, яна тўлиб оқди, умр дарёсининг олдинги ўзанига тушиб олди.
Моҳир сиёсатчи Исмоил Ҳакимович Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий-ижтимоий ҳамкорликни, қўшни халқлар билан дўстона алоқаларни тиклашга беқиёс ҳисса қўшди. Хусусан, 1990 йилларда Тожикистон Республикасида юзага келган фуқаролар уруши даврида қийинчиликларни бошдан кечираётган қардош тожик халқига инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш, уларни озиқ-овқат билан таъминлашда Исмоил Ҳакимовичнинг саъй-ҳаракатларини тожик биродарларимиз ҳамон миннатдорлик билан эслайди.
Исмоил Ҳакимович мамлакатни қадамма-қадам кезиб чиққан. Деҳқонлар, оддий сувчилар ва мироблар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг ўй-ташвишларига қулоқ тутган, муаммоларига ечим топиб берган. Шунинг учун бу инсонни халқимиз яхши кўради, ардоқлайди, қаерга бормасин эъзозлаб, иззат-икром кўрсатади.
Жўшқин фаолияти ва бор салоҳиятини сув хўжалиги ривожига бағишлаган, буни умр мазмуни деб билган Исмол Ҳакимович, шубҳасиз, катта мактаб яратди. У кишининг шогирдлари бугун республикамизнинг барча ҳудудларида, сув хўжалиги ташкилотларида меҳнат қилмоқда.
Бутун умрини ва меҳнат фаолиятини сув хўжалиги соҳаси ривожига бағишлаган, етук мутахассис, улкан заковат ва салоҳият эгаси, давлат ва жамоат арбоби Исмоил Ҳакимович кўплаб мукофотлар билан тақдирланган. 1981 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, 1992 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 1994 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 1996 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени, 1998 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони, 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. 2018 йилда Тожикистон Республикасининг “Дўстлик” ордени соҳиби бўлган.
Куни кеча яна бир хушхабар эшитдик. Мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Жўрабеков Исмоил Ҳакимович “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
Ҳамон эл-юрт ташвиши билан яшаётган, улуғ ёшга етганида ҳам илм эгаллашдан заррача чекинмаган, аксинча, йиллар давомида эгаллаган билимларининг “қаймоғи”ни одамларга улашиш учун интиладиган устозимиздан, у кишининг шундай юксак мукофотга сазовор бўлганидан барчамиз бениҳоя фахрландик.
Устознинг ҳормай-толмай, шижоат билан ҳали яна узоқ йиллар соҳа ривожига ҳисса қўшиб юришларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди