Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Тошкент халқаро бизнес марказида сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-Туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбек-Туркман қўшма комиссиясининг Ўзбекистон томони раиси Ш.Ғаниев кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ривожланишида иккала давлат раҳбарларининг яқин дўстлиги муҳим асос бўлиб, икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги стратегик шериклик даражасига олиб чиққанлигини таъкидлади.
Хусусан, пандемия давом этаётган ноқулай эпидемиологик вазиятга қарамай, томонлар сув муаммолари бўйича фаол мулоқотни давом эттириб, амалдаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда бу йўналишда долзарб муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Расмий Тошкент ва Ашхабод Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланишни таъминлашдан тенг манфаатдор.
Айни пайтда сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-Туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг тузилганлиги соҳада икки томонлама муносабатларни янгича босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Шундан сўнг, Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси ўринбосари, Ўзбек-Туркман қўшма комиссиясининг Туркманистон томони раиси Э.Оразгельдиев сўз олиб, Ўзбекистон ва Туркманистонни нафақат жуғрофий яқинлик, балки икки мамлакат халқларининг муштарак илдизлари, узоқ асрларга бориб тақаладиган маданий-тарихий ришталар ҳам боғлаб туришини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сўзга чиқиб, бугунги кунда икки томонлама ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ трансчегаравий сув ресурслари ҳамда чегара ҳудудларида жойлашган гидротехника иншоотлари, жумладан, Қарши магистрал канали, Аму-Бухоро машина канали ва “Туямўйин” сув омборларидан фойдаланиш ишлари муваффақиятли амалга оширилаётганлигини қайд этди.
Жорий йилда Амударёнинг суви ўртача 85 фоизни ташкил қилишига қарамасдан, томонларнинг ҳамкорликда жипслашиб ишлаши натижасида вегетация мавсуми муваффақиятли амалга оширилди.
Жорий йилнинг 26 майида ердан ҳақ тўлаш эвазига фойдаланиш бўйича битимга қўшимча келишув имзоланган бўлиб, унга биноан “Туямўйин” сув омборининг “Султонсанжар” тўғони қурилиши олиб борилиши натижасида қўшимча равишда 1,0 млрд. м3 сув тўпланишига эришилади ҳамда 1,2 млн. гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланади, кафолатли ичимлик суви захираси оширилади.
Туркманистон Сув хўжалиги қўмитаси раиси Г.Ўразгелдиев ўз сўзида иккала давлат сув хўжалиги масалалари шу кунгача имзоланган бир нечта келишув ва битимларга асосан ижобий ҳал қилиниб келинаётганлигини айтиб, мазкур учрашув бу борадаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига умид билдирди.
Шунингдек, томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги сув хўжалигига оид алоқалар Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси доирасида ҳам изчил ривожланиб бораётганлигини қайд этди.
Йиғилиш сўнгида сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-Туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши тўғрисида қўшма баён имзоланди.
Матбуот хизмати