Сувчилар мамлакатимизнинг энг аҳил, иноқ, жипс, бир-бирини ҳурмат қиладиган жамоаларидан бири. Уларнинг маслаҳат сўраб турадиган, дуоларини оладиган фахрийлари бисёр. Куни кеча барча сувчилар учун ибрат мактаби бўлган Исмоил Ҳакимович Жўрабековнинг қутлуғ 90 ёш юбилейи нишонланди.
2021 йил 15 сентябрь куни мамлакатимиз сув хўжалиги соҳаси ривожи учун катта ҳисса қўшган фахрийлардан яна бири – Гиниятуллин Рим Абдуловичга эҳтиром кўрсатилди.
Рим Абдулович 1943 йилда Зомин туманида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаганидан сўнг сув қурилиши соҳасида турли лавозимларда меҳнат қилган. 1989 йилдан 1996 йилгача Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазири, 1996–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. Ўша даврда Қарши чўли ва Мирзачўлни ўзлаштиришда, ушбу ҳудудлар сув таъминотини яхшилашда улкан ҳисса қўшган. Жумладан, Жиззах бош насос станцияси, ушбу вилоятдаги “Зарбдор”, “Оқбулоқ” насос станциялари, Фарғона водийсидаги “Бешариқ”, “Данғара”, “Улуғнор” насос станциялари қурилишида, Қашқадарё вилоятидаги “Пичанкўл” коллекторини барпо этишда бевосита бош-қош бўлган.
Рим Абдуловичнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, кўпгина мукофотлар билан тақдирланган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан Гиниятуллин Рим Абдулович “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбирда Рим Абдуловичга ушбу мукофот тантанали тарзда топширилди.
Сўзга чиққанлар у кишининг самарали меҳнатлари, республикамиз ирригация ва мелиорация соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси, раҳбарлик ва инсоний фазилатлари, ёшларга, жумладан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаларига ибрат бўладиган хислатлари ҳақида сўз юритишди.
Матбуот хизмати