Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг видеоконференц алоқа тарзида навбатдаги селектор йиғилиши ўтказилди. Унда вазирлик марказий аппаратининг тегишли бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туман ирригация бўлимлари, насос станциялари ва энергетика бошқармаси, мелиоратив экспедициялар, “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари, йирик гидротехник иншоотлар ва сув омборлари раҳбарлари ҳамда бош ҳисобчилари иштирок этди.
Йиғилишни вазир ўринбосари А.Мирзаев олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг бошқарма прокурори А.Адхамовга сўз берилди. Таъкидланишича, Бош прокуратурада Сув хўжалиги вазирлиги тизими ходимлари томонидан 2019-2020 йиллар ва жорий йилнинг биринчи ярмида содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари ва имкон берган шарт-шароитлар ўрганиб чиқилиб, 2021 йил 16 сентябрь куни “Жиноятга имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” 19/10-21-99-сонли Тақдимнома киритилган.
Тақдимномада сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, ходимларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш, сув хўжалиги соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида яратилган шароит ва имкониятларга қарамасдан тизимдаги айрим ходимлар томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани келтириб ўтилган.
Селектор йиғилишида Тақдимномада келтириб ўтилган ҳолатлар танқидий муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжат вазирлик раҳбарияти томонидан бандма-банд ўрганиб чиқилганлиги, хато-камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги таъкидланди.
Тақдимномада кўрсатилган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Йиғилишда соҳадаги камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш, вазирлик олдига қўйилган вазифалар ижросини ўз муддатларида ва сифатли таъминлаш, сувни тежовчи технологияларнинг ўрнатилиши устидан мунтазам назоратни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди ҳамда бу борада барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Матбуот хизмати