Бу ёруғ оламда ҳар бир инсон – қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар ва қаерда ишламасин, қандай касбу кор, лавозим эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, ҳаётга йўллаган муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди.
Шу боис ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда устозларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти сув хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаб беришда таянч олий ўқув юрти ҳисобланади. Бугун мамлакатимиз сув хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқ ва натижаларда мазкур институт профессор-ўқитувчилар жамоасининг, ёш сувчиларга ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бағишлаб, эзгуликдан сабоқ берган, отадек мўътабар, онадек меҳрибон азиз устозларнинг ҳиссаси беқиёс.
Кейинги йилларда мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Президентимиз қарори билан сув хўжалигидаги ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ташкилотлари негизида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини соҳага оид кафедраларининг ихтисослаштирилган синфларини жойлаштириш белгиланди.
2020 йил 1 январдан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилган ҳолда сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан амалга ошириладиган лойиҳаларга кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш бўйича махсус компонент киритилди.
Илмий ва илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари қийматининг ҳисоб-китобига лойиҳа-қидирув ишлари умумий қийматининг 10 фоизигача миқдорда қўшимча маблағлар киритиш амалиётга мажбурий жорий этилди.
Бу механизмларнинг йўлга қўйилиши сув хўжалиги соҳасида сифатли кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришда тарихий ҳодиса бўлди, десак ҳеч муболаға қилмаган бўламиз. Ва мана шу жараёнда институтнинг собиқ ректори, Сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати аъзоси марҳум Ўктам Пардаевич Умурзаковнинг хизматлари ниҳоятда катта бўлди. Домла жуда фидойи инсон эдилар.
Бу йил илк маротаба институтдан 100 нафар талаба Жиззах вилоятида, 80 нафари Сирдарё вилоятида сув хўжалиги ташкилотларида ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини эксперимент тариқасида ўташини ташкил қилиш ҳам Ўктам Пардаевичнинг ташаббуслари эди.
2021 йил 29 сентябрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Ўқитувчилар ва мураббийлар куни билан байрам тадбири ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилар жамоаси, талабалари ва етиштирган кадрларининг ҳиссаси беқиёс эканлигини таъкидлади. Тадбир иштирокчиларини мамлакатимиз тараққиёти йўлида янада фаолроқ ҳаракат қилишга чақирди.
Байрам муносабати билан институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабаларига “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони ва вазирликнинг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Матбуот хизмати