Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан
2021 йилда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вазирлик матбуот хизматининг
ОАВ учун Расмий ахбороти
2021 йил, октябрь
Бугунги кунда республикамизда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдонлари бўлиб, уларнинг мелиоратив ҳолатини сақлаш учун жами 143,8 минг км коллектор-дренаж тармоқлари хизмат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрда қабул қилинган “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4936-сонли қарори асосида жорий йилда:
84 та (19 та йилдан-йилга ўтувчи, 65 та янгидан бошланувчи) мелиорация қурилиши объектлари учун 300 млрд.сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобига 580,4 км очиқ коллектор тармоқлари, 130,5 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 25 та вертикал дренаж қудуқ, 10 та кўприк ҳамда 19 та гидротехник иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган.
2021 йил 30 сентябрь ҳолатига мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жами 209,3 млрд. сўм (йиллик лимитга нисбатан 81,0 фоиз) капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилди ва 183,0 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилди. Ушбу маблағлар ҳисобига жами 590,2 км коллектор-дренаж тармоқларида ва бошқа гидротехник иншоотларда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йиғилиш баёнига асосан 2021 йилда 215 та (16 та йилдан-йилга ўтувчи, 199 та янгидан бошланувчи) мелиорация таъмирлаш-тиклаш объектлари учун 365,2 млрд.сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобига 16 546,0 км очиқ ва ёпиқ коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
2021 йил 30 сентябрь ҳолатига мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш бўйича жами 291,04 млрд. сўм (йиллик лимитга нисбатан 80,0 фоиз) капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилди ва 221,06 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилди. Ушбу маблағлар ҳисобига жами 14 016,0 км коллектор-дренаж тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан жорий йилда 2022 дона мелиоратив кузатув қудуқларини автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказиш белгиланган.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича жами 1636 дона мелиоратив кузатув қудуқларига “Дайвер” қурилмаси ўрнатилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 132 дона, Андижон вилоятида 145 дона, Бухоро вилоятида 230 дона, Жиззах вилоятида 180 дона, Қашқадарё вилоятида 92 дона, Навоий вилоятида 90 дона, Наманган вилоятида 92 дона, Самарқанд вилоятида 90 дона, Сурхондарё вилоятида 99 дона, Сирдарё вилоятида 90 дона, Тошкент вилоятида 84 дона, Фарғона вилоятида 137 дона ва Хоразм вилоятида 175 дона кузатув қудуғи автоматлаштирилди.