Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида синов тариқасида жами 23 та давлат органи ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларига юридик хизматлар кўрсатувчи марказлар фаолияти Адлия вазирлиги тизимида йўлга қўйилиб, ўзининг ижобий самарасини кўрсатди.
Шу билан бирга, соҳага тажрибали кадрларнинг жалб қилинишидаги камчиликлар ҳужжатлар лойиҳаларининг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Натижада қабул қилинаётган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар кўп ҳолларда жойларда жисмоний ва юридик шахсларнинг эътирозларига сабаб бўлаяпти.
Давлат органлари ва ташкилотларига марказлашган юридик хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида 2021 йил 29 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сон қарори қабул қилинди.
Сув хўжалиги вазирлигида ўтказилган йиғилишда мазкур қарор ижроси юзасидан тизимда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Видеоконференсалоқа тарзида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқ ўринбосарлари, тизим ташкилотларининг бош юрисконсультлари, кадрлар масалалари бўйича мутахассислар қатнашди.
Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлинмаларида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб жами 1 минг 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилиб, бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилиши таъкидланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар Адлия бошқармалари ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказлари билан Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги туман ирригация бўлимларида юридик хизмат кўрсатиш шартлари ҳақида тушунтириш берилди.
Матбуот хизмати