Умр бўйи сувчилик қилган, ундан кейин бироз табелчилик қилиб, яна сувчиликни давом эттирган, ҳозир ёши ҳам саксон бешдан ошган Шамсиддин ака билан тез-тез гурунглашиб турамиз. Ўзи жуда оддий, бунинг устига камгап, саволга қараб жавоб беради-да, кейин бошқаларни тинглаб ўтираверади. Унинг отаси Иброҳим бобо ҳам сувчи бўлган, бир умр пахта суғориб, хирмонда ишлаб оила тебратган. Суяги меҳнатда қотган, сувчиликни отасидан мерос қилиб олган бободеҳқон билан яқинда яна суҳбат қурдик. Гап айланиб ёшлик йилларидаги сувчилик даврига келди.
– Отамни яхши танийсиз, – деди у узоқ йиллик хотираларини ёдига келтирар экан. – Ўспиринлик чоғимдаёқ отамга сув тутишда қарашгани далага чиқиб кетардим. Отамни мана энди ўйлаб туриб “сувчиликни пири бўлган экан” десам хато қилмайман. Чунки, ўша 1950–1960 йилларда, ундан кейинги йилларда ҳам сувни кечаси бир юргизиб олишга шошишарди. Бу ҳол тез-тез қайтариларди. Кўллатиб, ийдириб суғормасди. Кейинчалик буни тушундим.
– Ўша йиллари техника кам эди, – дедим савол бергим келиб. – Шўр ювиш, яхоб суви бериш учун нималарга эътибор қаратардингизлар?
– Қўл кучи, ҳа, асосан қўл кучи билан пол олардик. Бригаданинг каттадан кичиги кетмонлаб пол олишарди. Техника бор эди, лекин жуда кам, унумсиз эди, борига барака деб бир юргизиб кетилган пол олиш мосламаси орқасидан тер тўкиб чокларини ямардик. Чилла сувига ҳам катта аҳамият бериларди.
– Ҳосилдорлик қандай бўларди, шунча ҳаракатлар билан роса мўл ҳосил олинган бўлса керак, шундайми?
– Очиғини айтадиган бўлсам, пахтадан ҳосилдорлик жуда нари борса 35 центнерга борарди, – дейди Шамсиддин ота. – Чунки экин яхши суғорилгани билан ўғитдан қийналардик, уйлардан ташиб чиқилган гўнг билан ҳамма ерни тўйинтириб бўлмасди. Орадан 3–4 йил ўтгандан кейин минерал ўғитлар таъминоти ҳам яхши бўлиб қолди-ю, бари-бир ҳозирги янгича, айниқса, сув тежовчи технологияларнинг ишга туширилиши деҳқонга кўп нарса берди. Биринчидан, ишни осонлаштирди, иккинчидан, ҳосилдорликни оширди. Бари-бир шўр ювиш, яхоб суви бериш ишларига жиддий эътибор бериш керак. Бусиз кўзланган маррага етиш қийин бўлади...
Мен бу оддий бободеҳқонни ҳозирги янгича суғориш усулларидан бехабар деб хато қилган эканман, ҳаммасини билиб юрганига қойил қолдим...
БУРЧГА СОДИҚЛИК ДАВОМ ЭТЯПТИ
Фарғона вилоятида экин майдонларининг шўрланганлик даражаси умумий ернинг ярмига бормаса ҳам 30–40 фоиз оралиғида юради. Шўр ювилмаган йил йўқ. Бу ишни тўла-кўкис амалга ошириш вилоят сув хўжалиги ходимлари, мелиораторлари зиммасида. Уларсиз иш ҳечам силжимаган бўлар эди. Чунки, аксар фермер хўжаликларининг барча сувчиларини шу паллада шўр ювишга чиқариб бўлмайди. Бу йил ҳам ҳосилдан бўшаган экин майдонлари полини олиш ва шўр ювиш ишлари вилоятда кечиктирилаётгани йўқ. Бир кун бўлсин эртароқ тугатиш, ўта шўрланган ерларда такрор шўр ювиш жадал олиб борилаётгани фикримизнинг далили бўла олади. Сирдарё-Сўх ирригация тизими ҳавза бошқармаси бутун жамоаси, унинг жойлардаги бўлимлари, мутахассислари ҳар кунни қўлдан бермасликка, самарали иш қилишга бел боғлашган.
Вилоятда сув тақчиллиги рўй бераётгани ҳеч кимга сир эмас, зеро у биргина Фарғона вилоятида бўлаётгани йўқ.
– Президентимизнинг чиқараётган жуда муҳим фармон ва қарорлари натижасида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш барчанинг жонига оро кирди, – дейди Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фаҳриддин Турсунов. – Бошқа манбалар орқали ҳам сув сарфини камайтиришнинг синалган усулларидан фойдаланиш яхши йўлга қўйилган. Масалан, шўр ювишни олайлик. 2022 йилда кутилаётган сув тақчиллигини юмшатиш учун амалга оширилиши лозим бўлган бу тадбирни деярли ҳамма фермерлар ўзларида ўтказади. Бу йил ҳам шўр ювиш ва яхоб суви беришга вилоят бўйича жуда катта аҳамият берилиб, ҳар бир туманда кўргазмали ва амалий семинарлар ўтказилди. Фермерларга сув хўжалиги мутахассислари илмий ва тажрибалардан олинган хулосалар асосида тушунтиришди. Сувчиларга, шўр ювишда қатнашаётган ишчи-хизматчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, қишлик ишчи кийим-бошлар билан таъминланди. Қиш мавсуми давомида вилоят бўйича 55 000 гектарга яқин экин майдонларининг шўрини ювиш режалаштирилган. Жумладан, Бешариқ туманида 8000 гектар, Данғара туманида 6500, Бувайда туманида 5800, Фурқат туманида 5500, Бағдод ва Риштон туманларида 5000, Қўштепа туманида 4500, Ёзёвон туманида 4200, Олтиариқ туманида 3500 гектардан зиёд экин майдонларининг шўри ювилади. Пол олишга мосланган 92 та техниканинг асосий қисми юқори унум билан ишлатилаётир.
Жорий йилда вилоятда 18,5 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 28 минг гектарда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2020 йил 11 декабардаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб ўтилганидек, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат ҳисобидаги насос станциялари ва тик суғориш қудуқлар улар боғланган майдонларга фақат сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда юргазилиши қатъий белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида пахта, ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларини ўз ҳисобларидаги насос станция ва тик қудуқлардаги ишлатилган электр-энергия тўлови, 2022 йил 1 январдан бошлаб, фақат сув тежовчи технологияларни жорий қилганларга тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.
Ҳозирги кунда 2022 йилда кутилаётган сув тақчиллигини юмшатиш учун амалга оширилиши лозим бўлган асосий тадбирлар экин майдонлари шўрини ювиш, шўрланмаган ерларга чилла суви беришдан иборатдир. Бу бутун ер майдонларини икки марта суғориш ҳисобига ҳам ўтади ва келгуси йилда экиннинг сувга бўлган талабини пасайтиради.
Шу ўринда ўтган йилги куз-қиш ойларида шўр ювиш ва яхоб беришга яхши эътибор берган Риштон, Бешариқ, Олтиариқ, Бағдод, Бувайда, Учкўприк, Фурқат, Тошлоқ, Ёзёвон каби туманларда пахтадан ҳам, бошоқли дон экинларидан ҳам, бошқа турдаги қишлоқ хўжалик экинлари ва боғдорчиликдан ҳам мўл ҳосил олинди.
Шўр ювиш, яхоб суви бериш, далага маҳаллий ўғит чиқариш, ариқ-зовурларни тозалаш каби юмушларни бошлашдан олдин мутахассислар 2551 жойдаги тупроқдан намуналар олиб, кимё лабораторияларида шўрланиш даражасини аниқлашди. Бунга кўра, кучли шўрланган майдон 322 гектар, ўртача шўрланган майдон 7,1 минг гектар, кучсиз шўрланган майдон 47,0 минг гектарни ташкил этгани аниқланди.
Пол олиш ва уларни ямагандан сўнг кучсиз шўрланган майдонларга 15–20 см (гектарига 1500 метр куб), ўртача шўрланган майдонларга 25–30 см (гектарига 2500 метр куб) чуқурликда сув бостириб, шўри ювилмоқда. Шўр ювишда сувни ўқариқлар орқали полларга тўлдириб бориляпти, сабаби ер бошидан сув тўлдириб борилганда биринчи полдаги тузлар эриб, кейинги поллар орқали даланинг охиридаги зовурлардан чиқиб кетиши таъминланяпти.
Шўр ювиш Фарғона вилояти туманларида юқоридаги кўрсатилган тавсияларга ва мавжуд агротехник қоидаларига асосан ноябрь ойи охиридан бошланган. Қаерда бирон камчилик аниқлангудай бўлса навбатчи мутахассислар ўша ерга етиб бориб, амалий ёрдам беришмоқда. Ҳозирги кунда магистрал каналлар таъмирлаш учун тўхтатилгани туфайли ички имкониятлардан фойдаланиб кунига 300–400 гектардан шўр ювилаётир, бу ишни 15 декабрдан бошлаб авж олдириш учун тайёргарлик ишлари пухта ташкил этилмоқда.
– Аслида бу икки тадбир ҳам битта мақсадни кўзлаб амалга оширилади, – дейди тажрибали ирригатор, Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Фозилжон Расулов. – Чилла суви шўрланмаган ерларга берилади. Бу сув сизиб етиб борган жойгача зарарли ҳашаротлар тухумига қирон келтиради, ўргамчаккана, кўсак қурти, ширанинг урчишини камайтиради. Энг муҳими келаси йилда сув танқислигининг олдини олиш учун таянч бўлади, тупроқда кўп нам сақланади. Бу тадбирлар январь ойигача ўтказилса, зарарли тузлар ювилиб экинлар ҳосилдорлигининг ошишига замин яратилади.
ЁРДАМЧИ ХЎЖАЛИКЛАР КОНИ ФОЙДА
Мен Фарғона вилояти ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги бўлимлар, гидроучасткалар, гидропостлар ва бошқа жойлардаги ёрдамчи хўжаликларнинг қандай фойда келтираётганини биламан. Буни ташкил қилиш ҳам осон бўлмаган. Энди эса ишчи ва ходимнинг қозонини қайнатиш ва рўзғорига барака киритиш учун бу катта имконият беряпти.
Шу кунларда қишлоқ ва маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, айниқса сув хўжалиги тасарруфига кирувчи иншоотлар, ҳавзаларда, канал, сой, ариқ ва зовур ёқаларига манзарали ва мевали кўчат экиш, ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш учун ҳаракат асло сусайгани йўқ.
Ҳадемай экин-тикин мавсуми эшик қоқиб қелгунча ҳам сувчиларнинг иши сусаймайди. Улар йил бўйи тиним билишмайди. Баҳорда ер намига ундириб олинган чигит июнь ойига қадар сув талаб қилмайди. Шўри ювилган майдонларнинг аксариятига ҳам июль ойича қадар сув очилмайди.
Биз эса заҳматкаш сувчиларимизнинг бажараётган ишларига омад тилаймиз.
Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
журналист