Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур сана муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли тантанали тадбирлар, ҳосил байрамлари ўтказилмоқда.
Байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг буйруғига асосан мамлакатимиз сув хўжалиги тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Сув хўжалиги вазирлигида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир раҳбар-мутахассисларга ушбу кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидландики, жорий йилда юзага келган сув танқислиги вазиятида сувчиларимиз вегетация мавсумини муваффақиятли якунладилар. Жумладан, бу йил 511,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланилди, 170,0 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти яхшиланди, 140,0 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, шўрланган майдонлар эса 10,4 минг гектарга қисқарди, 198,1 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди.
Бундан ташқари, хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан 126,02 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди, сув хўжалиги объектларига ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаси жами 2 786 тага, насос станциясига ўрнатилган сувни онлайн назорат қилиш қурилмаси 392 тага, мелиоратив кузатув қудуғига ўрнатилган ер ости сувларининг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси 1 727 тага, автоматлаштирилган йирик сув хўжалиги объектлари сони 20 тага етказилди, 2021–2030 йилларга мўлжалланган, қиймати 1 162,3 млрд. сўм бўлган 98 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича битимлар имзоланди, насос станцияларида энерготежамкор қурилмаларнинг ўрнатилиши натижасида 2017 йилда сарфланган 8,34 млрд. кВт. соатдан 2021 йилда 7,2 млрд. кВт. соатгача камайтирилиб, сўнгги 4 йилда жами 3,4 млрд. кВт. соат электр энергия кам сарфланишига эришилди.
2021 йил суғориш мавсумида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва бошқа чора-тадбирлар ҳисобидан охирги 3 йилликка нисбатан жами 8 млрд. м³ сув тежалди.
– Ушбу кўкрак нишони вазирлиги тизимидаги қурилиш ташкилотларида меҳнат қилаётган барча мутахассис-ходимлар меҳнатига билдирилган катта рағбат деб биламан, – дейди Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги бошқарма бошлиғи Н.Хўжақулов. – Тизимимиз ходимлари байрамни ўзига хос меҳнат ютуқлари билан кутиб олишмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 1280,3 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ўзлаштирилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 299,1 километр каналлар, 94,2 километр лоток тармоқлари, 16,2 километр босимли қувурлар, 40 та гидротехника иншооти, 48 та суғориш қудуқлари, 643,7 километр коллектор-дренаж тармоқлари, 17 та вертикал дренаж қудуқларида қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 16116,4 километр коллектор-дренаж тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.
Матбуот хизмати