2021 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ўзбек кино санъатининг дарғалари ва ёш актёрлар билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон халқ артисти, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Теша Мўминов сувнинг ҳаётимиздаги ўрни, сувчилик машаққатли ва айни пайтда савобли касб эканлиги ҳақида фикрларини билдирди.
– Сувсиз дастурхондаги нонимиз, истеъмол қилаётган ноз-неъматларимиз ҳам бўлмайди. Сувсиз жойда ҳаёт йўқ, дегани бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шунинг учун, ким бўлишимиздан қатъий назар сувни асрашимиз, тежаб ишлатишимиз, сув келтираётганларни қадрлашишимиз зарур, – деди Теша Мўминов.
Маънавий-маърифий учрашувда Ўзбекистон халқ артисти, “Дўстлик” ордени соҳиби Ражаб Адашев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Отабоев, ёш актёр Хушнуд Сайфуддинов сўзга чиқиб, бугунги кино санъати, унинг ривожи, миллат тараққиётида кино санъатининг тутган ўрни ҳақида гапирди.
Буюк аждодларимиз, халқимизнинг фахру-ифтихори бўлган Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар ҳақида сўз юритилди, уларга муносиб бўлишимиз зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда шеърлар, саҳна асарларидан парчалар ўқилди. Вазирлик ходимлари ўзларини худди бир соатга театр ва кино оламига тушиб қолгандек ҳис қилди. Ҳамма мириқиб, олам-олам таассурот олди.
Матбуот хизмати