2021 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда вазир ўринбосарлари, марказий аппарат бошқарма бошлиқлари ҳамда ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 30 ноябрдаги “Қонун бузилиши, унинг келиш чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” 11/10-603/21-сонли тақдимномасида кўрсатилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу масала бўйича Бош прокуратура бошқарма катта прокурори А.Адхамов сўзга чиқди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш ва берилган субсидияни қайтариш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий этиш харажатлари учун субсидия Давлат бюджетидан ҳар бир контурга фақат бир марта ажратилиши белгиланган. Ўрганишларга кўра, 8 та талабгорга 1,2 млрд. сўм субсидия маблағлари ҳудудий ишчи гуруҳларнинг хулосалари ва билдиргилари асосида аввал тўлаб берилган бўлсада, субсидия маблағлари талабгорларнинг ҳисобрақамларига такроран тушириб берилган. Вазирлик томонидан кўрилган чоралар натижасида ушбу маблағлар махсус ҳисобрақамига тўлиқ қайтарилган.
Шунингдек, 19 та талабгорга пахта майдонига томчилатиб суғориш ускунаси ўрнатилган деб кўрсатилиб, тўлаб берилган субсидия маблағларидан 23,9 млрд. сўми “Агробанк” АТБ филиаллари томонидан амалда “Томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилмаган” ёки “Субсидия маблағлари ортиқча тўлаб берилган”лиги банк кўчирмасида кўрсатилиб, вазирликнинг махсус ҳисобрақамига қайтарилган.
Йиғилишда тақдимномада келтирилган шу ва бошқа камчиликлар бартараф этилганлиги, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди. Барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш, белгиланган вазифаларни ўз муддатида ва қонунчилик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда бажариш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини ташкил этиш ҳамда капитал қурилиш соҳасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар, шаффофликни янада кучайтириш, коррупцион тизимнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари масъуллари бу борада фикрларини билдириб, коррпуциянинг илдизини қирқиш учун тизимда шаффофликни кучайтириш, рақамли технологияларга ўтишни жадаллаштириш орқали сув ресурсларини ўлчаш ва бошқариш жараёнларида инсон омили иштирокини камайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Матбуот хизмати