Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Гулистон шаҳрида янги очилган Президент мактабида бўлди. Бу ердаги шарт-шароитлар, ўқув жараёнлари билан яқиндан танишиб, устоз-мураббийлар ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
Мазкур мактабни ташкил этишнинг мақсади Сирдарё вилоятидаги иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантиришдан иборат. Шавкат Хамраев ушбу ўқув даргоҳида ўқувчиларга яратилган қулайликларни кўздан кечириб, бу ерда олиб борилаётган таълим жараёнларига юқори баҳо берди. Ўқувчилар билан суҳбатларда ўзининг ўқувчилик ва талабалик даврлари, хизмат сафари билан хорижий давлатларда бўлган кезларида рўй берган қизиқарли ва ҳаётий воқеалар, вазир лавозимига тайинлангунга қадар босиб ўтган меҳнат йўли ҳақида гапириб берди. Сувни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни ташкил этиш, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар, вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга тушунтирди. Шунингдек, уларга сувни асраш оиладан бошланиши, ўқувчилар ҳам обиҳаётни тежашга ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлиги тушунтирилди.
– Илм олиш игна билан қудуқ қазиш билан баробар, – деди вазир. – Сиз азиз фарзандларимиз келажагини ўйлаб Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган бундай юксак даражадаги ўқув даргоҳларида таълим олаётган ўқувчилар келгусида Ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб улғайишига ишонаман.
Сув хўжалиги вазирининг вилоятга хизмат сафари давом этмоқда.
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот хизмати