Бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам сув муҳим аҳамиятга эга. Мавжуд сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга сарфланишини эътиборга олсак, бу неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда тежамкор суғориш технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш белгиланган.
Сув тежовчи технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми янада кенгайтирилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига республика бўйича жами 511,4 минг гектар майдонда, жумладан, 194,0 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 11,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 5,9 минг гектар пахта ва бошқа экин майдонларида дискрет суғориш тизими жорий қилинди, 78,8 минг гектар майдонларда эгилувчан қувурлар орқали ва 20,9 минг гектар экин майдонлари эгатга плёнка тўшаб суғориш тизими орқали суғориш ишлари олиб борилди ҳамда 200,1 минг гектар майдонлар лазер ускунали текислагичлар ёрдамида текисланди.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ташкил қилинган 6 000 нафар ишчи ходимлардан иборат сервис-монтаж гуруҳлари қурилиш-монтаж ишларига жалб қилинганлиги айниқса яхши самара берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш ва берилган субсидияни қайтариш тартиби тўғрисида Низом”га асосан томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланган 93,7 минг гектар пахта майдонлари учун Давлат бюджети ҳисобидан 750,7 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратиб берилган.
Замонавий технологиялар ҳосилдорликка ва унинг сифатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Жорий йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Мергантекс” ва “Қоракўл Кумуш Калава” пахта тўқимачилик кластерлари томонидан томчилатиб суғориш жорий этилиб, ҳар гектар майдондан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди.
Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Fergana Global textile” пахта-тўқимачилик кластери томонидан Исроилнинг “Netafim” компанияси билан ҳамкорликда тупроғи қумлоқ, сув доим танқис, пахтадан ўртача 10–12 центнер ҳосил олинадиган 215 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун 520 минг долларлик замонавий ускуналар ўрнатилган. Ушбу майдонлардан ўртача 45 центнердан хирмон кўтарилди.
Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Ражаб ота Жуманов” фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 17,4 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали биринчи теримнинг ўзидаёқ 50 центнердан ошириб ҳосил олишга эришилди. 0.Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилгача бор-йўғи 3 та корхона фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 40 тага етказилди ва маҳсулот таннархини бошқа давлатдан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15–20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5 млн. сўмга арзонлаштириш имконини берди.
2021 йил 26 апрелдан 11 июнга қадар Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва субсидия ажратиш масалалари юзасидан онлайн ўқув курси ташкил қилиниб, 338 нафар сув хўжалиги ходимларининг малакаси оширилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Сув тежамкор суғориш технологиялари” бўйича магистратура мутахассислиги ҳамда “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” бакалавр таълим йўналишлари ташкил этилди.
Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги коллежларда “Сув тежовчи суғориш тизимига хизмат кўрсатиш техниги” касб йўналиши ташкил этилиб, 2021/2022 ўқув йили учун қабул параметрлари доирасида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича мутахассислар (консультант) тайёрлаш мақсадида намунавий ўқув режа ва малака талаби ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга татбиқ этилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорликда сув хўжалиги соҳасидаги 5 500 нафар раҳбар-ходимларнинг, шундан 2 777 нафари сувдан фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш, 1200 нафари ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, 300 нафари насос станциялар, 300 нафари мелиорация, 393 нафар гидрометрия ва 530 нафари бошқа йўналишлар бўйича малакаси оширилди.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти фаолияти такомиллаштирилди ва институтнинг Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё минтақавий марказлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясида 2030 йилгача камида 2 млн. гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсад қилиб қўйилган. Шу маънода, юртимизда бундай технологиялар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораверади.
Р.Қаршиев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири ўринбосари