2021–2022 йиллар кузги-қишки мавсумда Сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи барча ташкилотлар ҳисобидаги 4 минг 289 км суғориш тармоқларини тозалаш режалаштирилган. Ўтган 4 ой давомида режанинг 60 фоизи бажарилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 44 фоиз, Андижон вилоятида 49 фоизни ташкил этмоқда.
5 минг 265 дона гидротехника иншооти ва 5 минг 225 дона гидропостни таъмирлаш режалаштирилган бўлса, шундан 63 фоиз гидротехника иншооти ва 64 фоиз гидропост таъмирдан чиқарилди. Бу борадаги ишлар Хоразм вилоятида 40 фоиз, Жиззах вилоятида 54 фоиз иш бажарилган.
Сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги хўжалик ички суғориш тармоқларини тозалаш бўйича режа Сирдарё вилоятида 49 фоизга уддаланган. Худди шундай ҳолатни Тошкент, Сурхондарё, Наманган вилоятлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ушбу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 25 декабрь куни ўтказилган ҳайъат йиғилишида келтириб ўтилди. Йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.
– Албатта, 2021 йилда ютуқларимиз кўп бўлди. Лекин, очиғини айтиш керак, барча ишларимиз ҳам талаб даражасида эмас. Ўзимизни ўзимиз танқид қилмасак, камчиликларни аниқлаб, вақтида бартараф этмасак, ҳеч ким четдан келиб бажариб бермайди, – деди ҳайъат йиғилишига раислик қилган Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев.
Кузги-қишки мавсумга мўлжалланган ишларни якунлаш учун ҳали 3 ой муддат бор. Аммо, ҳаво очиқ кунлардан унумли фойдаланиб, барча тадбирларни тўлиқ ва сифатли бажариш зарур. Йиғилишда 2022 йил 1 апрелдан бошланадиган суғориш мавсумигача суғориш тармоқларини, жумладан, вилоятлараро ва магистрал каналлар, ирригация тизимлари, ички хўжалик суғориш тармоқлари, насос станциялари, суғориш ва мелиоратив қудуқларни таъмирлаш-тиклаш, коллекторларни тозалаш, сув омборларида сув захирасини тўплаш, қишки мавсумда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Жумладан, 2022 йилнинг 10 январигача носоз сув ўлчаш воситаларини тарировка ва метрологик қиёслаш кўригидан ўтказиш, 25 январгача Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда техникалар сонини кўпайтириб, шўр ювишга ер тайёрлаш, чел, пол ва ўқариқ олиш ишларини якунлаш, сувнинг кунлик аниқ ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, қишки мавсумда суғориш ишларига ҳар 5 гектар майдонга камида бир нафардан тажрибали сувчи жалб қилиш, жойларда сув истеъмолчилари уюшмалари кўрсатган сув хўжалиги хизматлари учун кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари томонидан маблағлар тўлаб берилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Матбуот хизмати