2021 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди.
Ўзбек ва тожик халқлари ўртасида асрлар давомида синовдан ўтган мустаҳкам дўстлик алоқалари мавжуд. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг юксак саъй-ҳаракатлари эвазига бу азалий дўстлик, қардошлик алоқалари янада ривожланди, муносабатларимиз сифат жиҳатдан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди.
Учрашувда сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-тожик ишчи гуруҳининг фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Тожикистон Республикасининг Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
2021 йилда сув ресурслари ҳар йилгидан 25–30 фоиз танқис бўлишига қарамасдан суғориш мавсуми муваффақиятли ўтказилгани, ҳар икки томон сув билан боғлиқ масалаларни ҳамжиҳатликда ва ўзаро келишган ҳолда ҳал этиб келаётгани эътироф этилди.
Ўзбек ва тожик халқлари ўртасида маданий-маърифий, таълим-фан соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йилда “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев дўстлик жамиятининг Бошқарув раиси ҳисобланади.
2021 йил дўстлик жамияти фаолиятида самарали бўлди. Жамиятга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Давлат гранти ажратилди. Грант ҳисобидан “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси” китоби 400 нусхада нашр қилинди ҳамда Тожикистонда яшовчи ўзбек миллатига мансуб фуқароларни ўзбек тилида чоп этилган адабиётлар билан таъминлаш учун 74 номдаги жами 600 донага яқин китоб харид қилинди.
Сентябрь ойида “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти делегацияси Душанбе ва Хўжанд шаҳарларига бориб, “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси”нинг тақдимотларини ўтказди ва 1000 донага яқин китобларни совға қилиб келди.
Мулоқот чоғида 2022 йилда “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти билан ҳамкорликда Тожикистонда учрашувлар, анжуманлар ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Матбуот хизмати