Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш,
бу борада ер эгалари ва сув истеъмолчиларини рағбатлантириш механизмини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигига
мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда
сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини янада оптималлаштириш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
“Янги Ўзбекистон стратегияси” китобидан
2021 йилнинг баҳорида ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурслари ҳар йилгидан 25–30 фоизга танқис бўлишига қарамасдан сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига истеъмолчиларга йил давомида 44 млрд. м3, суғориш мавсумида 32,6 млрд. м3 сув етказиб берилди.
Сув танқислигини юмшатиш мақсадида тик қудуқларга 100 дона насос ҳамда коллектор тармоқларига 1172 дона дизель насоси ўрнатилиб, ер остидан 395 млн. м³ ва зовурлардан 784 млн. м³ сув олинди. Бунинг натижасида сув таъминоти оғир бўлган 352 минг гектар майдонга керакли миқдорда сув етказиб берилди.
Йил давомида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 10 млрд. м3, шу жумладан суғориш мавсумида 8 млрд. м3 сув иқтисод қилинди.
Прогнозларга кўра, глобал иқлим таъсирида минтақамизда сув ресурслари камайиб бораверади, аҳоли сонининг ортиши ва саноатнинг ривожланиши ҳисобига сувга талаб йилдан йилга ортади. Мана шундай шароитда сув танқислигини юмшатишнинг ягона ечими сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Шу боис, Ўзбекистон сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида ташаббускор бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш, сувни тежаш ҳисобидан 90 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш вазифасини қўйган эдилар. Ушбу вазифалар ижроси тўлиқ таъминланди. 516,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 198,9 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 11,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 5,9 минг гектар майдонда дискрет суғориш тизими жорий қилинди, 78,8 минг гектар кўчма эгилувчан қувур орқали ва 20,9 минг гектар эгатга плёнка тўшаш усулида суғорилди, 200,9 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган 93,7 минг гектар пахта майдони учун Давлат бюджетидан 751,4 млрд. сўм субсидия маблағи ажратилди. Айнан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳисобига мавсум давомида 2,4 млрд. м3 сув тежалишига эришилди.
Сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларига Давлат бюджетидан 4 440,8 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, шундан, 789,2 млрд. сўми иш ҳақи ва ажратмаларга, 3 651,6 млрд. сўми бошқа харажатларга (электр энергияси учун 3 131,8 млрд. сўм) йўналтирилди. Эксплуатация харажатлари ҳисобидан 5 минг 459 км магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқларида таъмирлаш ва тозалаш ишлари бажарилди, улардаги 5 минг 839 та гидротехник иншоот ва 5 минг 818 та гидропост таъмирланди.
185 та насос ва 237 та электродвигатель энергия тежамкор бўлган янгисига алмаштирилди, 2 522 та насос агрегати ва 1 198 та суғориш қудуғи таъмирланди. Шунингдек, энергия тежамкорликка катта эътибор қаратилиши туфайли 2021 йилда 7 млрд. 295 млн. кВт. соат электр энергияси сарфланди. Охирги уч йилликда (2018-2020 йиллар) ўртача электр энергияси сарфи 7 млрд. 525 млн. кВт. соатни ташкил этганини ҳисобга олсак, 2021 йилда 230 млн. кВт. соат электр энергияси тежалди.
Марказлаштирилган капитал маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган 171 та ирригация лойиҳаси доирасида 755,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, 340,9 км канал, 137,9 км лоток тармоғи, 16,5 км босимли қувур, 27 та гидротехника иншооти, умумий қуввати 16,5 м3/сек. насос станциялар, 62 та суғориш қудуғи қурилди ва реконструкция қилинди. Бу ишлар самараси ўлароқ, 301 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди.
Мелиорация объектлари бўйича 85 та лойиҳа доирасида 299,1 млрд.сўм маблағ йўналтирилиб, 699,9 км коллектор-дренаж тармоғи, 50 та гидротехника иншооти, 17 та дренаж қудуғи ҳамда 10 та кўприк қурилди ва реконструкция қилинди.
Шунингдек, 220 та мелиорация лойиҳаси доирасида 365,2 млрд.сўм маблағ йўналтирилиб, 17,0 минг км.га яқин коллектор-дренаж тармоғи ва 319 та тик дренаж қудуғи таъмирланди ва тикланди. Натижада 200,0 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди, кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 20,0 минг гектарга камайди, сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдон 48,1 минг гектарга қисқарди, 16,1 минг гектар ернинг мелиоратив барқарорлиги таъминланди, 100 минг гектарга яқин ер майдони қайта фойдаланишга киритилди.
Сув хўжалигида янги йўналиш – давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. 2021 йилда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича қиймати 1 216 млрд. сўм бўлган 100 та лойиҳа юзасидан битимлар имзоланди ва реестрга киритилди. Хусусан, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги ирригация-мелиорация объектлари “ТСТ Agro Claster” МЧЖга ҳамда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги ирригация-мелиорация объектлари, насос станциялар “Maroqand sifat” МЧЖга тўлиқ давлат-хусусий шериклик асосида берилди.
Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки 3 йилда 112,3 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритилиши ва 152,9 млрд.сўм бюджет маблағи иқтисод қилинишига эришилади.
Соҳадаги устувор йўналишлардан яна бири – сув хўжалигини рақамлаштиришдир. 2021 йилда сув хўжалиги объектларига 5 567 та замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, 3099 та “Ақлли сув”, 426 та насос станциясига сув миқдорини ва 2022 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди ҳамда 20 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. Натижада 771,0 млн. м3 сув тежалишига эришилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятидаги “Миришкор” ва “Қамаши” каналларида бошқарув жараёнлари Австралия давлатининг “Rubicon water” компанияси технологиялари асосида тўлиқ автоматлаштирилди.
Бу ишлар натижасида сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш, унинг ҳисобини юритиш, вилоят ва туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг ҳисоб-китобини аниқ юритишга эришилди. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувни техник йўқотишларнинг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида шаффоф ва адолатли фойдаланиш йўлга қўйилди.
1688 та насос станцияларга 2173 та автоматлаштирилган электр ўлчов асбоблари ўрнатилди ва республика бўйича ягона электрон ахборот тизимига интеграция қилинди ҳамда электр энергия сарфини “онлайн” назорат қилиш имконияти яратилди.
Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида сўнгги йилларда Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан сув хўжалиги масалалари бўйича ишчи гуруҳлар тузилгани трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни самарали ҳал этиш имконини бераяпти. Натижада қўшни давлатлар билан сувдан фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама шартнома ва келишувлар янгиланмоқда.
Жумладан, 2021 йил 11 март куни 2021–2023 йиллар вегетация даврида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб беришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қирғизистон Республикасининг Энергетика ва саноат вазирлиги ўртасида ўзаро электр энергиясини етказиб бериш бўйича баённома имзоланди.
2021 йил 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ҳамда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўртасида “Баҳри тожик” сув омборини 2021 йил июнь-август ойларида ишлатиш бўйича уч томонлама баённома имзоланди ва 2021 йил вегетация даврини муваффақиятли ўтказишга эришилди.
Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг давлат кафолати остида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 5 та инвестиция лойиҳаси доирасида 136,2 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 2021 йил якунига келиб жами 554,5 км канал ва улардаги 353 та гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 92 та вертикал суғориш қудуғи бурғиланди. Лойиҳалар ҳудудида 800 млн. сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинишига, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга ошишига, 80 млн. м3 сув тежалишига эришилди.
Россия Федерациясининг Давлат тараққиёт корпорацияси “ВЭБ.РФ” билан олиб борилган музокаралар натижасида “Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станцияларни модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида келишувга эришилиб, 146 млн. евролик кредит шартномаси имзоланди.
Илм-фан ва ишлаб чиқариш узвийлиги доимий эътибордаги масала ҳисобланади.
Соҳадаги илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари томонидан жами 32 та мавзу бўйича 8,1 млрд.сўмлик илмий-тадқиқот лойиҳалари, шундан давлат илмий-техник дастурлари доирасида 9 та амалий ва инновацион фундаментал ҳамда 23 та илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари амалга оширилди. Сув ресурсларни бошқариш, сувни тежайдиган технологиялар, суғориш тармоқлари ва гидротехника иншоотларини таъмирлаш йўналишларида 35 тадан ортиқ тавсиянома ва йўриқномалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди ҳамда ҳудудларда 10 дан ортиқ илмий-тадқиқот полигонлари ташкил этилди.
Олиб борилган илмий-амалий, фундаментал тадқиқотлар натижаларининг соҳада татбиқ қилиниши сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда истеъмолчилар орасидаги тақсимот даражасини 15-20 фоиз, насос станцияларининг иш самарадорлигини 15-20 фоиз оширишга ва электр энергияси сарфини 3-5 фоизгача иқтисод қилишга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини 30 фоизгача оширишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув ва бошқа моддий-техник ресурсларни 20 фоизгача тежашига имкон яратди.
Вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг 6 нафар тадқиқотчилари техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва 1 нафар фан доктори (DSc) диссертация ишларини ҳимоя қилиб, илмий даражага эга бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 апрелдаги 191-сонли қарори билан институтнинг Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё минтақавий марказлари ташкил этилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Сув тежамкор суғориш технологиялари” бўйича магистратура мутахассислиги ва “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” бакалавр таълим йўналишлари ташкил этилди.
Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги коллежларда “Сув тежовчи суғориш тизимларига хизмат кўрсатиш техниги” касби бўйича янги йўналиш ташкил этилиб, 2021/2022 ўқув йилидан техник мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Сув хўжалиги соҳасидаги 5 500 нафар раҳбар-ходимнинг, шундан 2777 нафари сувдан фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш, 1200 нафари ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, 300 нафари насос станциялар, 300 нафари мелиорация, 393 нафари гидрометрия ва 530 нафарининг бошқа йўналишлар бўйича малакаси оширилди.
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг олий маълумотли мутахассис кадрлар билан таъминланганлик даражаси 45 фоиздан 47 фоизга етказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 мартдаги 150-сонли қарори билан ташкил этилган малака ошириш курсларида 2 046 нафар раҳбар ва мутахассис ходимларнинг малакаси оширилди.
2021 йил 15 декабрь ҳолатига вазирликнинг марказий аппаратига жисмоний ва юридик шахслардан жами 2 857 та мурожаат тушган. Шундан 315 таси (11%) тааллуқлилиги бўйича бошқа вазирлик ва идораларга юборилган бўлиб, 46 та (1,6%) мурожаат аноним ва кўрмасдан қолдирилган.
Бевосита вазирликда ўрганилган 2 469 та мурожаатдан 1 729 таси (69,2%) қаноатлантирилган, 736 тасига (29,5%) ҳуқуқий тушунтириш берилган, 31 таси (1,2%) бўйича ҳозирги кунда ўрганиш олиб борилаяпти. Шу билан бирга, Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жисмоний ва юридик шахслар учун 10 дан зиёд сайёр қабуллар ўтказилди.
2021 йилда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун, муҳтарам Президентимизнинг соҳага доир 1 та Фармон ва 8 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 17 та қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар билан Сув хўжалиги вазирлиги сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулда суғориш каби сувни тежайдиган суғориш технологиялари қўлланилганда тизимни сифатлигидан келиб чиқиб, тўланадиган субсидия миқдорига гектарига 11 млн. сўмгача, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида базавий миқдори 12 млн. сўмгача оширилди, истеъмолчилар томонидан сув ўлчаш ускуналари мавжуд бўлганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини 0,7 коэффициентда қўллаш ва бошқа имтиёзлар жорий этилди. Бу ўз ўрнида, Президентимиз ва ҳукуматимизнинг сув хўжалиги соҳасига бўлган эътибори ҳамда халқимиз учун ғамхўрлигининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш учун 2022 йилда вазирлик олдида қатор муҳим ишлар турибди.
478 минг гектарда сувни тежайдиган технологиялар, жумладан, 230 минг гектарда томчилатиб, 28 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискрет усулда суғориш технологияси жорий қилинади ҳамда 218 минг гектар майдон лазерли текисланади.
Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 1 194,6 млрд. сўм, мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш учун 383,5 млрд. сўм ўзлаштирилиб, 308 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти ва 171 минг гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланади, 50 минг гектар ер майдони қайта фойдаланишга киритилади.
6610 та сув хўжалиги объектида замонавий рақамли технологиялар ўрнатилади ҳамда етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш, сувнинг ҳисоб-китобини аниқ ва шаффоф юритиш имкониятлари янада кенгайтирилади.
Умумий қиймати 931,5 млрд.сўмдан ортиқ бўлган 52 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича битимлар имзоланади.
Йиллик электр энергияси сарфи 7 300 млн. кВт. соатдан 7 150 млн. кВт. соатга камайтирилади.
Хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган 7 та лойиҳа доирасида 169,6 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилади.
Сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб, олдимизга қўйилган марраларга эришишларига ва ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлашларига ишонаман.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди