Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, экинлардан мўл ҳосил олиш, бозорларимиз тўкинлиги-ю, дастурхонларимизнинг турли ноз-неъматларга тўла бўлиши бевосита сувга боғлиқ. Шу боисдан, кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу борада улкан ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, оборотдан чиққан экин майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, лалми ерларни ўзлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилаётганлиги, 2020–2021 йилларда 315 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилганлиги, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилганлиги алоҳида эътироф этилди.
2021 йил бободеҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилди. Бу ютуқларга осонгина эришилгани йўқ, албатта. Сув ресурслари ҳар йилгидан 25–30 фоизга танқис бўлишига қарамасдан сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига йил давомида 44 млрд. м3, суғориш мавсумида 32,6 млрд. м3 сув етказиб берилди.
Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан йил давомида 10 млрд. м3, шу жумладан суғориш мавсумида 8 млрд. м3 сув тежалди.
Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ирригация тармоғи энг ривожланган ва йирик сув хўжалиги инфраструктурасига эга давлат ҳисобланади. Мамлакатимиздаги мавжуд 4,3 млн. гектар суғориладиган экин майдонлари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини сув билан барқарор таъминлашда жами 28 минг 570,0 км узунликдаги ирригация тармоқлари, 38 минг 781 та гидротехника иншооти, 19 минг 752 та гидропост хизмат қилади.
2021 йилда сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларига маҳаллий бюджетдан йўналтирилган 29800 млн. сўм маблағ ҳисобидан 5459,0 км хўжаликлараро суғориш тармоқлари (каналлар) тозаланди, улардаги 5 минг 839 та гидротехника иншооти ва 5 минг 818 та гидропост таъмирланди.
Худди шундай, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички ариқларнинг 17 минг 342,0 км қисми машина-механизмлар, 68,0 минг км қисми қўл кучи ёрдамида тозаланди.
2021–2022 йиллар кузги-қишки мавсумда белгиланган чора-тадбирлар доирасида 4 минг 702,0 км ирригация тармоқлари тозаланди, улардаги 3 минг 404 та гидротехника иншооти ва 2816 та гидропост таъмирланди ва шу кунларда бу ишлар давом эттирилмоқда. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун 6 минг нафар сув хўжалиги ишчилари, 280 тадан кўпроқ экскаватор, бульдозер ва бошқа техника жалб қилинган.
Таъмирлаш-тиклаш тадбирларининг сифатли бажарилиши натижасида жорий йилда 1,5 млрд. м3 ҳажмда сув тежалиб, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 2020 йилга нисбатан 1 фоиз оширилди.
Вазирлик тизимидаги насос станцияларида энергия тежамкорликка катта эътибор қаратилиши туфайли 2021 йилда 7 млрд. 295 млн. кВт. соат электр энергияси сарфланди. Охирги уч йилликда (2018-2020 йиллар) ўртача электр энергияси сарфи 7 млрд. 525 млн. кВт. соатни ташкил этганини ҳисобга олсак, 230 млн. кВт. соат электр энергияси тежалди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг долзарб масалалардан биридир. Негаки, фермер ва деҳқонларнинг даромади кўп жиҳатдан тупроқ унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлиги, демакки, айнан ерларнинг мелиоратив ҳолатига боғлиқ. Шунинг учун ҳам, юртимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ерларнинг шўрланиш даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда.
2021 йилда мелиорация объектлари бўйича 85 та лойиҳа доирасида 299,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, 699,9 км коллектор-дренаж тармоғи, 50 та гидротехника иншооти, 17 та дренаж қудуғи ҳамда 10 та кўприк қурилди ва реконструкция қилинди.
Шунингдек, 220 та мелиорация лойиҳаси доирасида 365,2 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, 17,0 минг км. га яқин коллектор-дренаж тармоғи ва 319 та тик дренаж қудуғи таъмирланди ва тикланди. Натижада 200,0 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди, кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 20,0 минг гектарга камайди, сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдон 48,1 минг гектарга қисқарди, 16,1 минг гектар ернинг мелиоратив барқарорлиги таъминланди, 100 минг гектарга яқин ер майдони қайта фойдаланишга киритилди.
Республикамиздаги сув ва сел-сув омборлардаги иншоотларни таъмирлаш учун 9,4 млрд. сўм маблағ ҳисобига 396 та пьезометр, 104 та затвор, 136 та гидропост, 110 та гидротехник иншоот, 53 км узунликдаги назорат йўллари, 32 км узунликдаги кириш ва чиқиш каналлари ҳамда 1291 та ёритиш тизимлари таъмирланди. Шунингдек, 24,4 млрд. сўм маблағ ҳисобига 272 км узунликдаги каналлар тозаланди, 60 км узунликдаги канал ва дамбалар, 429 та гидротехник иншоот ва 519 дона гидропост таъмирланди.
Бу ишларнинг амалга оширилиши натижасида вазирлик тизимидаги 72 та сув ва сел-сув омборлари ҳамда йирик магистрал каналларнинг хавфсиз ва ишончли ишлаши таъминланиб, сув омборларига боғланган 1,9 млн. гектардан ортиқ экин майдонларига сув етказиб берилди.
2022 йилда ўз олдимизга 5264,0 км узунликдаги каналларни тозалаш, улардаги 4 минг 946 та гидротехника иншооти ва 5241 та гидропостни таъмирлашни режалаштирганмиз. Натижада 795,9 минг гектар суғориладиган экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади, ирригация тизими ҳамда суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,65 дан 0,69 гача ошиши таъминланади.
Йиллик электр энергияси сарфи 7 300 млн. кВт. соатдан 7 150 млн. кВт. соатга камайтирилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Россия Федерациясининг Ташқи иқтисодий банки билан имзоланган умумий миқдори 146 млн. евро бўлган қарз битимига кўра “Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станциясини модернизация қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа амалга ошириладиган насос станцияларида 455 та агрегат, электр ва ёрдамчи қурилмалар янгиланади, бошқарув тўлиқ автоматлаштирилиб, SCADA тизими жорий қилинади. Натижада Бухоро, Навоий вилоятларининг 3 тадан туманида, Қашқадарё вилоятининг 5 та, Самарқанд вилоятининг 6 та ва Сурхондарё вилоятининг 11 та туманида жами 355 минг гектардан зиёд экин майдонлари кафолатли сув билан таъминланади, 40 минг гектар ер майдонлари қайта оборотга киритилади. Шунингдек, агрегатларнинг фойдали иш коэффициенти 10-15 фоизга кўтарилади, йилига 40 млн. кВт. электр энергияси тежалади. Эксплуатация ва электр энергиясидан йилига 30 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинади.
2022 йилда сув ва сел-сув омборлардаги иншоотларни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 32,2 млрд. сўм маблағлар ажратиш ва 432 та пьезометр, 86 та затвор, 118 та гидропост, 39 та гидротехник иншоот, 4 км узунликдаги назорат йўллари, 41 км узунликдаги кириш ва чиқиш каналлари, 23 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда 2181 та ёритиш тизимлари таъмирланади. Шунингдек, 26,6 млрд. сўм маблағ ҳисобига 203 км узунликдаги каналлар тозаланади, 85 км узунликдаги канал ва дамбалар, 395 та гидротехник иншоот ва 529 та гидропост таъмирланади.
Минтақамиз аҳолиси сони тобора ортиб бораяпти. Бу эса озиқ-овқат экинларига бўлган эҳтиёжнинг янада ошишига, ўз навбатида, сувга талабнинг ортишига олиб келади. Шунинг учун ҳам, мавжуд сув ресурсларини самарали бошқариш, обиҳаётдан оқилона фойдаланиш, ресурс тежамкор суғориш усулларини кенг татбиқ этиш вазирлигимиз олдида энг муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолаверади.
Азимжон Назаров,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирининг биринчи ўринбосари