Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Г.М.Бердимухаммедов ўртасида самимий ва дўстона муносабатлар туфайли мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, сув хўжалиги соҳасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб, барча масалалар икки томоннинг ўзаро келишуви асосида ҳал этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси, икки давлат Ташқи ишлар вазирликларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли коронавирус пандемиясига қарамасдан, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон ҳудудида жойлашган сув хўжалиги иншоотлари, хусусан, Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси ҳеч қандай тўсиқларсиз фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунда Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармасида 190 нафар ходим ишлайди. Шундан 41 нафари олий маълумотли, 36 нафари муҳандис-гидротехник ходимлар.
Бошқарманинг асосий вазифаси Амударё сув оқимини мавсумий бошқариш, олинган ва етказиб берилган сув ресурсларининг аниқ ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, ўз тасарруфидаги сув хўжалиги иншоотларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш кабилардан иборат.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Туямўйин гидроузели хавфсизлигини таъминлаш бўйича реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Туямўйин гидроузели “Султонсанжар” дамбаси сув фильтрациясига қарши “тупроқ ичида девор қурилиши” ҳамда сув ташлаш тўғони сегмент затворларини алмаштириш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда. Бунинг натижасида Туямўйин сув омборига қўшимча 1 млрд. м³ сув йиғиш имкони бўлади, Қорақалпоғистон Республикасида 530 минг гектар, Хоразм вилоятида 240 минг гектар, Туркманистон давлатининг Дошҳовуз вилоятида 400 минг гектар экин майдонларини суғориш яхшиланади.
Гидротехник иншоотларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида бир қатор илмий-текшириш лойиҳа институтлари мутахассислари томонидан назорат, ўлчаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг 14–20 июнь кунлари Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти мутахассислари сув омборида лойқа чўкиндиларни аниқлаш ва назорат қилиш, 2021 йилнинг 29 сентябрь-1 октябрь кунлари “Гидропроект” АЖ мутахассислари гидротехник иншоотларнинг ҳолатини назорат қилиш бўйича Туркманистон давлати ҳудудида жойлашган сув хўжалиги объектларида ўрганиш олиб бордилар.
Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги Туркманистон давлати ҳудудида жойлашган сув хўжалиги объектларида узлуксиз иш ташкил қилиш мақсадида Туркманистон томонининг таклифига биноан 2020 йил 3 апрелдан бир ойлик смена тартибига ўтилди. Ишчи-хизматчилар Бухоро вилояти Олот туманидаги “Олот” чегара ва божхона пости орқали Туркманистон давлати ҳудудида жойлашган Ўзан гидроузели, Қўшабулоқ, Султонсанжар, Капарос сув омборлари ва бошқа объектларга ўтиб, бир ойдан ишлаб келмоқда.
2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти 3 маротаба қўшни Туркманистон ҳудудига ўтиб, Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги иншоотларни бориб кўрди, реконструкция ва таъмирлаш жараёнлари билан танишди. Ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, уларнинг кайфиятини кўтарди. Муаммолари бўлса, уларга ечим топилди. Шу билан бирга, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, Туямўйин гидроузелининг иш режими бўйича масалалар ўзаро келишиб олинди.
Худди шу тартибда Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Қ.Бабажанов 2021 йил давомида 3, Бошқарма бошлиғи ўринбосари 2, Бош энергетик 4, Бош механик 1, Ишлаб чиқариш сектори бошлиғи 3, Бош гидролог 3 маротаба қўшни давлат ҳудудига ўтиб, иш жараёнлари билан танишиб келди. Таъкидлаш жоизки, Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармасининг Туркманистон ҳудудидаги барча сув хўжалиги иншоотлари ва у ерда ишлаётган ишчи-ходимларнинг шароитларидан вазирлик ва бошқарма раҳбарияти доимий хабардор.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзан сув омборининг 120 километр қисмида жойлашган гидротехник иншоотлар, Тупроқ тўғони, узунлиги 7 километрдан иборат 1- ва 2-дамбалар, 21 километрлик Туямўйин чап қирғоқ магистрал канали ҳамда Питнак-арна каналининг ПК18+00 пикетида жойлашган сув ташлаш иншоотлари мавжуд. Бошқарманинг муҳандис-техник ходимлари ушбу иншоотларни хавфсиз ва беталофат ишлатиш, улардаги таъмирлаш-тиклаш ишларини доимий назоратга олишган.
Бу ишларнинг барчаси трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича фаолият ютирувчи “Амударё” ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Фейсбук тармоғидаги “Халқ назорати” саҳифасида Туямўйин гидроузелига оид эълон қилинган мурожаатда келтирилган масалалар бошқарма ходимлари иштирокида муҳокама қилинди. Фаолиятни янада такомиллаштириш, бошқарма олдидаги вазифаларни ўз муддатларида бажариш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Матбуот хизмати