Дунёда инсон измига бўйсунмайдиган мезонлар, ўлчовлар бор. Масалан, вақтни, умрни жиловлаб бўлмайди. Ариқдан оқаётган сув мисол умр ҳам жилдираб ўтиб кетаверади.
Ҳаётни кузатар экансиз, турфа тақдирларга дуч келасиз. Кимдир жонини койитмасдан қисматини вақтнинг измига ташлаб қўяди. Яна кимдир ўтаётган ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиб қолишга, умрини яхшиликлар билан безашга интилади.
Ариқдаги сувнинг беҳуда оқиб ўтишини жимгина кузатиб турмасдан, уни жиловлаш, сувнинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш ҳам мумкин. Мен Лутфулла Муҳаммадназаровни ана шунга қиёслаб, умрининг ҳар қатрасини фойдали ишларга сарфлашга интиладиган замондошларимиздан бири дея таърифлаган бўлардим.
80 ёшни қаршилаган Лутфулла Ҳақназарович қанча қийинчиликларни, ҳаётнинг пасту-баландликларини босиб ўтди. У 1965 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини битириб, сув хўжалиги соҳасига ишга кирганидан сўнг ўтган 57 йил ичида 22 та вазир билан ишлабди. Қайси вазифада, кимлар билан ишлаган бўлишидан қатъий назар ҳамиша ўз маслагига содиқ қолди, ишини сидқидилдан бажарди, адолат ва яхшиликни ўзига байроқ қилиб олди. Шу боис, сувчилар орасида доимо ҳурмат, иззатда бўлди. Ҳозир ҳам шундай.
У киши Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаб келаяпти. Шу билан бирга Сув хўжалиги вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши раиси ҳисобланади.
Л.Муҳаммадназаровнинг 80 ёш юбилейи муносабати билан Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев йўллаган табрикда шундай сатрлар бор: Сиздек улуғ инсонларнинг файзи ва элу-юртнинг дуоси билан вазирлигимиз юксак марраларга эришмоқда. Шу боис, Сизни ҳақли равишда барча сувчиларимиз учун ҳақиқий ибрат намунаси деб ҳисоблаймиз ва бирга ишлаётганимиздан ҳамиша фахрланамиз.
Кеча Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида юбилей эгасига вазир қутлови етказилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вазир ўринбосари Р.Қаршиев сўзга чиқиб, Л.Муҳаммадназаров сув хўжалиги бўйича тирик тарих, айни пайтда барча сувчи ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби эканлигини эътироф этди.
Тилаклар, табриклар айтилди. Тадбир якунида Лутфулла Ҳақназаровичнинг ўзига ҳам сўз берилди.
– Аввало, ўқиш учун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини танлаганимдан мамнунман. Сув хўжалиги соҳаси мени тарбиялади, уйли-жойли, обрўли, иззатли қилди. Нимага эришган бўлсам, ҳаммаси шу касбим туфайли.
Сувчи сабрли, фидойи бўлиши керак. Илмга интилиши зарур. Чунки, сабрли инсон мақсадига эришади, фидойиларга омад кулиб боқади, илмли эса, бир жойда туриб қолмайди, ҳамиша олдинга интилади, – деди Лутфулла Муҳаммадназаров ўзининг ҳаёт маслагини қисқача тушунтирар экан.
Лутфулла Ҳақназаровичнинг боласи тенгилар аллақачон қариликни бўйнига олиб, соқол қўйиб, насиҳатга ўтиб кетган. У киши эса 80 га кирди ҳамки кексаликка бўйин эгишни истамайди. Ишлаб, жамиятга фойдаси тегиши учун ҳар куни идорасига келиб кетишни канда қилмайди.
Ҳозиргина коридорда Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази раҳбари Шамсиддинни кўриб қолиб, сўрадим. Лутфулла Ҳақназарович бугун ҳам одатдагидек эрталабдан ишга келибди.
Сув хўжалигининг Лутфулла Ҳақназаровичга, Исмоил Ҳакимовичга ўхшаган файзли чеҳралари, нуроний инсонлари бор бўлсин!
Шуҳрат Суюнов,
матбуот котиби