Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича 2021 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили ва 2022 йилдаги режалар юзасидан вазирлик матбуот хизматининг ОАВ учун расмий ахбороти
Минтақамизда сув йилдан йилга танқис бўлиб бораётган ҳозирги шароитда муаммонинг энг мақбул ечими сувни тежовчи технологияларга ўтиш эканлиги ўзининг ҳаётий тасдиғини топди. Шу боис Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида ташаббускор бўлмоқда.
2021 йил давомида республикамизда жами 432,9 минг гектар майдонда, жумладан, 206,9 минг гектарда томчилатиб суғориш, 11,2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 5,9 минг гектар пахта ва бошқа экин майдонларида дискрет суғориш тизими жорий қилинди ҳамда 208,9 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазер ускунали ер текислагичлар билан текислаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, 2021 йилда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган 93,9 минг гектар пахта майдонлари учун Давлат бюджетидан белгиланган тартибда
754,4 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, ўтган йили вегетация даврида 78,8 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида ва 20,9 минг гектар экин майдонлари эгатга плёнка тўшаб суғориш тизими орқали суғорилди.
Республика бўйича 2017-2021 йиллар давомида 642,4 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар, шундан 308,6 минг гектарда – томчилатиб суғориш, 14,7 минг гектарда – ёмғирлатиб суғориш, 10,6 минг гектарда – дискрет суғориш тизими, 78,8 минг гектарда – эгилувчан қувурлар ва 20,9 минг гектарда – плёнка тўшаб суғориш жорий қилинган ҳамда 208,9 минг гектар экин майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текисланган бўлиб, уларнинг кўрсаткичи умумий суғориладиган майдонларнинг 15 фоизини ташкил этмоқда.
Натижада 2021 йилнинг ўзида жами 10 млрд куб метр, шундан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳисобига 3,0 млрд куб метр сув иқтисод қилиниб, такрорий экинларни сув билан таъминлаш имконияти яратилди.
Бу ишларга Сув хўжалиги тизим ташкилотларида ишлаётган 6 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлардан иборат 300 та қурилиш ва сервис хизматларини амалга оширувчи гуруҳлар томонидан яқиндан ёрдам кўрсатилди.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи ташкилотлар сони 43 тага етказилди. Бу эса, бутловчи қисмларнинг таннархини хориждан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15-20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5 млн. сўмга арзонлаштириш имконини берди.
2022 йилда 260 минг гектарда сувни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, 230 минг гектарда томчилатиб, 28 минг гектарда ёмғирлатиб,
2 минг гектарда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш ҳамда 218 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларини лазерли ускуна орқали текислаш белгиланган.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 1 182,4 млрд. сўм, шундан пахта хом ашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун 935,0 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
Пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари учун харажатлар ўртача 25-30 фоизга, меҳнат ва механизация харажатлари эса ўртача 30-35 фоизга қисқартирилиб, ҳосилдорлик ўртача 10–15 центнергача оширилишига эришилади.