Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Давлат сув ишлари департаменти бошлиғи Кая Йилдиз бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб, учрашув ўтказди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев меҳмонларга бугунги кунда вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги вазифалар ҳамда улардан кутилаётган натижалар тўғрисида сўзлаб берди.
Учрашувда Туркия давлатининг сув хўжалиги соҳаси бўйича тақдимот ўтказилди. Таъкидланишича, Давлат сув ишлари департаменти асосан тўртта йўналишда иш олиб боради. Булар: қишлоқ хўжалиги экинларига сув етказиб бериш, электр-энергия ишлаб чиқариш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда экология масалалари ва сув тошқинларининг олдини олиш.
Мамлакатда катта-кичик жами 2500 тага яқин сув омборлари бор. Шундан 365 таси охирги 3 йилда барпо этилган. Сув омборларида тўпланган сувдан ташқари, ерости сув захираларидан ҳам фойдаланилади.
Мамлакат ҳудудида шаклланадиган йиллик сув захиралари ҳажми 112 млрд. м³. ташкил этиб, шундан 57,73 млрд. м³ сув қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, ичимлик суви, саноат корхоналари эҳтиёжи ва бошқа мақсадлар учун фойдаланилади. Бунда ерости захираларидан олинадиган сув миқдори йилига 17 млрд. м³ ни ташкил этади.
Учрашув давомида Туркия давлатида сув тежовчи технологияларни жорий этиш тажрибаси ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Туркияда сув тежовчи технологияларнинг асбоб-ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш саноати ривожланган бўлиб, кўплаб хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
Мамлакатда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 7,5 млн. гектар майдон бўлиб, шундан 580 минг гектар ёки суғориладиган ерларнинг 8 фоизида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Бу кўрсаткични 2030 йилгача 1 млн гектарга етказиш режалаштирилган.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари Туркияда 30 йил олдин йўлга қўйилганлиги ҳамда ишлаб чиқариш саноати ривожланганлигини инобатга олиб, улар билан ҳамкорликда республикамизда ёмғирлатиб суғориш технологиясининг “Center Pivot” тизимини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, сув хўжалиги соҳасида рақамли технологияларни жорий қилиш, ерларни шўрланишининг олдини олиш бўйича мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида ерларни қайта фойдаланишга киритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Туркия давлатида сув омборлари, йирик гидротехник иншоотлар (дамба) қурилишини ўрганиш юзасидан тажриба алмашиш бўйича музокара олиб борилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Давлат сув ишлари департаменти ўртасида ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича англашув Меморандуми имзоланди.
Ҳужжатда томонларнинг сув хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашишни йўлга қўйиш, икки тараф мутахассисларининг танишув ташрифларини ташкил қилиб, ўқув тренинглар ҳамда кўргазмали амалий семинарлар ўтказиш орқали соҳага инновацион ва ахборот технологияларини жалб қилиш ҳамда ирригация ва мелиорация соҳасида қўшма илмий-тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа йўналишлар қамраб олинган.
Ф.Қўзиев,
Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи