2022 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси студиясидан қатнашди ва йиғилишни олиб борди.
Унда вазирлик тизимида меҳнат қилаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароит яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги кунда сув хўжалиги вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган 33 мингдан зиёд ходимнинг 5 мингдан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Йиғилишда Президентимизнинг 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, сувчи ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.
Велеселектор йиғилишида вазир Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларидаги ёшлар етакчилари билан мулоқот қилди, уларнинг олдига қўйган мақсадлари билан қизиқди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Сув хўжалиги вазирлигининг ёшлар етакчиси этиб Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бошқармаси етакчи мутахассиси Нодирбек Худойбердиев сайланди.
Видеоселекторда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш бўйича барча тизим ташкилотлари раҳбарларига топшириқлар берилди.
Шу куни вазир ҳамда ёшлар етакчиси Тошкент вилоятининг сувчи ёшлари билан учрашди. Мулоқот чоғида ёшларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида турли интеллектуал танловлар, спорт мусобалари ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати